Жамият | 14:08 / 25.08.2025
3434
2 дақиқада ўқилади

2,6 млрд сўмлик товар кодини ўзгартириб, тўловдан қочмоқчи бўлганлар аниқланди

Фарғонада божхонада товар кодларини арзонроғига алиштириш орқали камроқ бож тўлашга уринган шахслар аниқланди. 

Фото: Божхона қўмитаси

Божхона қўмитаси хабарига кўра, товарнинг ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги кодини божхона юк декларациясида тўғри қўллаш давлат бюджетига божхона тўловларини тўлиқ ундиришга хизмат қилади. Шундай товарлар борки, улар ўхшаш бўлса-да, турлича кодлар билан таснифланади ва божхона ставкалари ҳам турлича белгиланади.

“Водий” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам товар кодлари ўхшашлигидан устомонлик билан фойдаланишга уриниб, юқори ставкали товарларни гўёки паст ставкали товарлар тарзида олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди.

Бунда тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига четдан келтирилган 2876 дона мониторлар божхона кўригидан ўтказилганида, кўрсатилганидек “суюқ кристалли дисплей” эмас, аксинча “суюқ кристалли рангли монитор” экани маълум бўлган.

Қиймати 2,6 миллиард сўмдан зиёд бўлган мазкур мониторлар расмий импорт қилинганида, давлат бюджетига қўшимча 350 миллион сўм божхона тўловлари ундирилган бўлар эди. Ушбу маблағлар билан энг кам пенсия оладиган 44 нафар фуқарони бир йил давомида пенсия билан таъминлаш мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид