Ўзбекистон | 12:20 / 25.08.2025
6256
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонга Ўзбекистондан 21 тонна қовун сомон туфайли киритилмади

2025 йил 22 август куни Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги «Дўстук» назорат-ўтказиш пунктида Кимёлаштириш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантин бошқармасининг Ўш ҳудудий бошқармаси томонидан Ўзбекистондан Ўш вилоятига кетаётган юк автомашинасини кўздан кечириш чоғида юқори даражадаги фитосанитария хавфи бўлган маҳсулотларни ташишда қоидабузарлик аниқланган. Бу ҳақда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Фото: knews.kg

Ҳужжатли текширув ва 21 тонна қовун солинган автомашинани кўздан кечириш чоғида сомон ҳам топилган. Сомон ҳам фитосанитария хавфи юқори бўлган карантин маҳсулоти бўлиб, унинг таркибида хавфли карантин бегона ўтлар уруғи йўқлиги фитосанитария сертификатида кўрсатилиши керак бўлган. Сомон карантин объектлари билан амброзия, повилика каби ифлосланиш (инфекция) манбаи ҳисобланади.

Карантин остидаги маҳсулотларнинг ҳар бир партиясини олиб кириш ва олиб чиқишга импорт қилувчи давлатнинг карантин фитосанитар талабларига мувофиқ фитосанитария сертификати билан рухсат этилади.

Евросиё иқтисодий иттифоқининг божхона чегараси ва божхона ҳудудида карантин маҳсулоти ва карантин объектларига нисбатан Ягона карантин фитосанитария талаблари бузилгани аниқлангани муносабати билан карантин фитосанитария назорати баённомалари тузилиб, юкларни қайтариш тўғрисида топшириқ берилди. Ўш бошқармаси ходимлари назорати остида қонунга зид равишда олиб кирилаётган барча маҳсулотлар жўнатувчига қайтарилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид