Жаҳон | 09:43 / 26.08.2025
2788
2 дақиқада ўқилади

Вуди Аллен Россиядаги кинофестивал билан боғлиқ танқидга жавоб берди

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Вуди Алленни Москвадаги кинофестивалдаги онлайн иштироки учун танқид қилди. Бунга жавобан америкалик режиссёр Россияни Украинага бостириб кирганликда қоралади, бироқ «бадиий суҳбатлар»ни давом эттиришга чақирди.

Фото: John Angelillo/UPI Photo via Newscom/picture alliance

Америкалик режиссёр Вуди Аллен Россия ва Украина ўртасида кенг кўламли уруш бошланишига Россия раҳбарияти масъул эканини ва бу уруш даҳшатли эканини айтди. Ҳолливуд вакили Москва халқаро кино ҳафталигидаги онлайн иштирокини танқид қилганларга шундай жавоб берди. Режиссёрнинг изоҳи 25 август, душанба куни Британиянинг The Guardian газетасида чоп этилди.

Аллен видео-алоқа орқали тадбирда иштирок этиши Россия режимини «оқлаши» ҳақидаги даъволарни рад этди. «Украинадаги можаро ҳақида гап кетганда, мен Владимир Путиннинг мутлақо нотўғри эканлигига қатъий ишонаман. У бошлаган уруш даҳшатли», — дея режиссёрдан иқтибос келтиради нашр.

«Аммо сиёсатчилар нима қилмасин, менимча, бадиий суҳбатларни тўхтатиш - ёрдам беришнинг яхши усули эмас», деб давом этди у.

Бир кун аввал Вуди Аллен Москва халқаро кино ҳафталиги сессияларидан бирида видео-алоқа орқали иштирок этди. У билан суҳбатни бир пайтлар Қримнинг Россияга қўшиб олинишини қўллаб-қувватлаган россиялик режиссёр Фёдор Бондарчук олиб борди. «Мен Москвада эдим, Санкт-Петербургда эдим. Мен ҳар доим рус киносини севиб келган одамман», деди Аллен суҳбат чоғида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид