Жаҳон | 08:18 / 28.08.2025
2972
1 дақиқада ўқилади

EY: Германия автосаноати бир йилда 50 000 иш жойини қисқартирди

Иқтисодий инқироз Германия автосаноатига энг оғир таъсир кўрсатди. Саноат тежамкорлик чоралари билан жавоб бермоқда. EY мутахассислари муҳандислик факултети битирувчилари орасида ишсизлик ортиб бораётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

Фото: Volkswagen

Иқтисодий инқироз Германия автосаноатига энг оғир таъсир кўрсатди. Ўтган йилнинг ўзида у 51,5 мингга яқин иш ўрнини қисқартирди. EY аудиторлик компанияси томонидан тақдим этилган «Саноат барометри» янги тадқиқотига кўра, бу кўрсаткич саноатдаги барча иш ўринларининг қарийб 7 фоизига тўғри келади.

Немис автомобил ишлаб чиқарувчилари саноатдаги вазиятга тежамкорлик чоралари билан жавоб беришга мажбур. Германия автосаноатига немис ишлаб чиқарувчилари учун асосий экспорт бозори бўлган Хитойдаги электромобиллар буми таъсир кўрсатди. Немис компанияларининг аксарияти Хитой компаниялари билан рақобатлашишга тайёр эмас, дея Reuters тадқиқот натижаларидан иқтибос келтиради.

Бундан ташқари, Германия автосаноатининг аҳволига энергия нархининг ошиши, шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан жорий этилган Европа Иттифоқидан АҚШга маҳсулотлар импортига тарифлар ҳам таъсир кўрсатган, дейилади EY тадқиқотида. Шу билан бирга, Европа бозоридаги талаб 2019 йил даражасидан пастлигича қолмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид