Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дания АҚШ элчисидан Гренландия бўйича тушунтириш талаб қилмоқда
Дания миллий радиоси америкаликлар Гренландия ва Копенҳагенни бир-бирига қарама-қарши қўйишга уринаётганини даъво қилмоқда. Шунингдек, оролда «яширин таъсир операциялари» ўтказмоқда.
Фото: AP
Дания ташқи ишлар вазирлиги АҚШ муваққат ишлар вакилидан Американинг Гренландиядаги таъсир кампанияси юзасидан тушунтириш беришни талаб қилди, деб ёзади AP. Аввалроқ Дания Миллий радиоси (DR) АҚШ президенти Доналд Трампга яқин бўлган камида уч америкалик Гренландияда «яширин таъсир қилиш амалиётлари» ўтказаётгани ҳақида хабар берган эди.
Дания ва Америка ҳукуматлари ва разведка хизматларидаги номаълум саккиз манбага таяниб, DR америкаликлар Дания ва қироллик таркибидаги автоном ҳудуд бўлган Гренландия ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштиришга уринаётганини даъво қилмоқда. Миллий радиога кўра, «таъсир ўтказиш операциялари»дан мақсад маҳаллий аҳолининг Копенҳаген сиёсатидан норозилиги сабаблари ҳақида маълумот тўплашдан иборат.
Хусусан, америкаликларни 1960-1970-йилларда Гренландия туб аҳолисининг мажбурий стерилизацияси ва Дания расмийлари томонидан маҳаллий аҳоли оилаларидан болаларни мажбуран олиб чиқиб кетиш амалиёти билан боғлиқ можаро қизиқтирган, деб ёзади AP.
AFP таъкидлаганидек, Дания миллий радиоси америкаликлар ўз ташаббуси билан ёки президент Доналд Трампнинг кўрсатмаси билан ҳаракат қилганини аниқлай олмади.