Жаҳон | 18:37 / 29.08.2025
8638
7 дақиқада ўқилади

«Энг катта стратегик хато». АҚШ ва Ҳиндистон муносабатлари нега кескинлашяпти?

Трампнинг ҳинд маҳсулотларига киритган янги тарифлари XXI аср бошидан буён стратегик ҳамкор бўлиб келаётган икки давлат ўртасидаги алоқаларга жиддий зарба берди. Ҳиндистон АҚШ учун Хитойнинг Осиёдаги ҳукмронлигининг олдини олиш ва минтақадаги Америка манфаатларини ҳимоя қилишнинг калити сифатида кўриб келинаётганди. Нега муносабатлар бирдан совуқлашиб кетди?

Фото: Reuters

27 август куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ҳиндистондан импорт қилинадиган маҳсулотларга тарифларни икки баравар ошириб, 50 фоизгача етказиш қарори кучга кирди. Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилгани учун жорий этилган 25 фоизлик жарима тарифи Трампнинг аввалги 25 фоизлик тарифига қўшилди. Натижада кийим-кечак, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари, оёқ кийим, спорт анжомлари, мебел ва кимё маҳсулотлари каби товарларга умумий божлар 50 фоизгача кўтарилди.

Америкалик сиёсий таҳлилчи Фарид Закария Washington Post’да эълон қилган мақоласида АҚШнинг Ҳиндистон билан муносабатларидаги ўзгаришлар ва унинг таъсирини таҳлил қилди.  

Қўшма Штатлар кўпинча халқаро алоқаларда қисқа муддатли йўналишга интилиши, йўлини тез-тез ўзгартиргани учун танқид қилинади. Аслида эса муҳим масалаларда Вашингтон ўз ташқи сиёсатида жуда ҳам изчил иш олиб боради. Хусусан, Ҳиндистон билан стратегик муносабатларнинг ўрнатилиши Клинтон маъмурияти даврида бошланган ва кейинги 25 йил давомида фақат ижобий томонга ўзгариб келаётганди. Доналд Трампнинг кутилмаган ва тушунарсиз тарзда Ҳиндистонга нисбатан душманларча муносабати олдинги беш маъмурият, ҳатто ўзининг биринчи президентлик даврида ҳам давом эттирилган сиёсатга тескари бўла бошлади. Закариянинг таъкидлашича, агар шу кайфият сақланиб қолса, бу Трампнинг президентлиги давридаги энг катта стратегик хатога айланиши мумкин.

Совуқ уруш тугагач, Қўшма Штатлар Ҳиндистон билан муносабатларини барқарорлаштира бошлади. Президент Бил Клинтоннинг 2000 йилдаги ташрифи янги алоқалар учун пойдевор бўлди. Аммо бу борадаги ҳақиқий бурилиш Жорж Буш даврида юз берди. Унинг маъмурияти тобора ривожланиб бораётган Хитой халқаро тизимни ўзгартираётганини англаб етди ва расмий Пекинга қарши тенг вазн боса оладиган давлат айнан Ҳиндистон эканини тан олди. Вашингтон билан Ню-Деҳли ўртасидаги яқин муносабатлар Хитойнинг Осиёдаги ҳукмронлигининг олдини олиш ва минтақадаги Америка манфаатларини ҳимоя қилишнинг калити сифатида қаралди.

Бундай ҳамкорликка катта тўсиқ мавжуд эди: Ҳиндистоннинг ядровий дастури. АҚШ ядровий синовлар ўтказгани учун Ню-Деҳлига санкциялар жорий қилганди. Аммо Буш маъмурияти сиёсий ниқтайи назарни ўзгартирди ва Ҳиндистонни ҳам бошқа буюк давлатлар – Франция, Британия ёки Хитой билан бир қаторда кўришга қарор қилади ҳамда тарихий ядровий келишувни таклиф қилади. Бу икки мамлакат муносабатларида бурилиш нуқтасига айланади. 

Шундан сўнг Вашингтон ва Ню-Деҳли кўплаб йўналишларда ўзаро яқинлашади. Обама маъмурияти Ҳиндистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолигига номзодини қўллаб-қувватлайди ва икки мамлакат ўртасидаги савдони кескин оширади. Трампнинг биринчи маъмурияти даврида ҳам сиёсий жиҳатдан яна бир олдинга қадам қўйилади. У Қўшма Штатлар, Австралия, Япония ва Ҳиндистондан иборат мудофаага йўналтирилган гуруҳ — QUAD’ни кучайтиради. Жо Байден даврида мудофаа ва иқтисодий алоқаларда янада кенгроқ ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шу тариқа Ҳиндистон Қўшма Штатлар билан ҳамкорликда жанговар самолётлардан тортиб компьютер чипларигача кўплаб маҳсулотларни ишлаб чиқаришни режалаштира бошлайди. Хусусан, жорий йилнинг иккинчи чорагида Ҳиндистон АҚШ бозорига Хитойдан кўра кўпроқ смартфон экспорт қилган. 

Ҳиндистон Ғарб томонидан мустамлака қилинган ва уларнинг ҳукмронлиги остида бўлган, Британия мамлакатни икки аср бошқаради. Мустақилликка эришгач, Совет Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланади, Америка эса унинг рақиб қўшниси – Покистонга пул ва қурол беради. Катта, хилма-хил ва мураккаб демократия сифатида Ҳиндистон ҳар доим эътибор марказида бўлиб келган. Шу жиҳатдан аср бошларида Вашингтон аста-секин Ню-Деҳли билан яқинлашди ва икки мамлакат манфаатлари ҳамда ҳаракатлари тобора уйғунлаша бошлайди.

Трампнинг иккинчи муддат президентликка келиши вазиятни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. У Ҳиндистон иқтисодиётини «ўлик» деб атади. Аслида эса, Ню-Деҳли бир неча йилдан бери дунёдаги энг тез ўсаётган йирик иқтисодиёт бўлиб келяпти ва ҳозирда ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда тўртинчи ўринда. 2028 йилгача бу борада Германияни ҳам ортда қолдириб, АҚШ ва Хитойдан кейин учинчи ўринга чиқиши кутиляпти. Шунингдек, Ҳиндистон дунёда энг кўп қурол импорт қиладиган ва энг кўп смартфон фойдаланувчиларига эга иккинчи мамлакатдир.

Ҳиндистон узоқ вақт давомида ҳар қандай иттифоқлардан ташқарида бўлишни истаб келди. Моди даврида «кўп йўналишли иттифоқлилик» деб аталадиган вариант қабул қилинди. Бу назарий жиҳатдан мамлакатга барча томонлар билан яхши муносабатларни сақлаш имконини беради. Аммо Америкага боғлиқликнинг ортиб бориши ва Хитойнинг кутилганидан тез ривожланаётгани бу позицияни емириб борди ва натижада Ҳиндистон тобора АҚШга боғланиб бораётганди. Энди эса ҳаммаси бошқа томонга ўзгариб кетиши мумкин.

Янги тарифларнинг Ҳиндистонга таъсири

Янги тарифлар Ҳиндистондаги минглаб кичик экспортчилар ва иш ўринларига хавф соляпти. Мамлакат Савдо вазирлиги ҳозирча янги ишга тушган божлар бўйича изоҳ бермади. Бироқ вазирлик расмийсининг анонимлик шарти билан айтишича, тарифлардан зарар кўрган экспортчилар молиявий ёрдам олади ва Хитой, Лотин Америкаси ҳамда Яқин Шарқ каби янги бозорларни ўрганиш бошланади.

Таҳлилчиларга кўра, тарифларнинг зарбаси оғир бўлса-да, агар Ню-Деҳли иқтисодиётни янада ислоҳ қилиб, протекцион сиёсатдан воз кечса ва Вашингтон билан инқирозни ҳал қилишга интилса, вазият яхшиланиши мумкин.

Ҳиндистон ҳукумати АҚШ божлари тўғридан тўғри ва қисман таъсир қилган экспорт ҳажмини 48,2 миллиард долларга баҳолади. Global Trade Research таҳлилий маркази Қўшма Штатларда ҳинд товарларига буюртмалар 90 фоизгача қисқаришини башорат қилишяпти.

2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 129 миллиард долларни ташкил этган. Агар савдо шартлари ўзгармаса, бу миқдор сезиларли даражада қисқариши мумкин.

Вашингтон Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилиши Москвага Украинадаги урушни молиялаштиришга ёрдам беради, дея ҳисоблайди. Ҳиндистон эса бу айбловни «иккиюзламачилик» деб атаб, АҚШ ва Европанинг Россия билан давом этаётган савдо алоқаларига ишора қилмоқда.

Мавзуга оид