Жамият | 12:21 / 30.08.2025
2660
2 дақиқада ўқилади

400 млн сўмлик тарихий тангаларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс ушланди

Божхоначилар кўп миқдордаги қадимий бойликлар олиб чиқиб кетилишининг олдини олди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Келес» темирйўл чегара божхона постида мамлакат ҳудудидан яширин тарзда ноёб тарихий бойликларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс фош қилинди

«Тошкент-Новосибирск» рейси бўйича йўловчи поездида республикадан чиқиб кетаётган фуқаронинг қўл юки ва сумкалари ичида божхона ходимларининг оғзаки сўрови вақтида маълум қилинмаган 325 дона қадимий тангалар, заргарлик буюмлари, артефактлар, гиря ва камон ўқи учлари борлиги аниқланди.

Ушбу тарихий ашёлар таркибидаги 210 дона тангалар ўзбек давлатчилиги тарихида вужудга келган деярли барча давлатларга тааллуқли тангаларнинг ўзига хос коллекцияси.

Маданий мерос агентлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг санъатшунослик экспертизаси хулосасига кўра, мазкур қадимий ашёлар эрадан аввалги II-I асрлардан тортиб токи XX асргача бўлган даврни қамраб олади. Шу боисдан мазкур ашёларнинг барчаси тарихий ва маданий қийматга эга деб топилди ва уларнинг тахминий баҳоси салкам 400 млн сўмга баҳоланди.

Юқоридаги ҳолатда олиб қўйилган 325 дона тарихий буюмлар Ислом цивилизацияси маркази музейи фондига вақтинча сақловга топширилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид