Жаҳон | 15:23 / 31.08.2025
8124
3 дақиқада ўқилади

Ҳусийчилар раҳбари Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлди

28 август, пайшанба куни Исроилнинг Яманга берган зарбаси оқибатида бош вазир Аҳмад Ар-Раҳовий ва ҳусийчилар ҳукуматининг бир неча вазири ҳалок бўлган. Бу маълумот исёнчилар томонидан тасдиқланди. Аввалроқ уларнинг ўлими ҳақида Исроил ҳарбийлари хабар берганди.

Фото: YAHYA ARHAB/EPA/Shutterstock

2024 йил августидан бери ҳусийчилар ҳукуматини бошқариб келган Аҳмад Ғолиб Ар-Раҳовий Исроил Яман пойтахтига зарба берганида ҳукуматнинг навбатдаги йиғилишини ўтказаётган бўлган.

28 август куни исроиллик ҳарбийлар «Яманнинг Сано шаҳри ҳудудида ҳусийчилар террорчилик режимидаги ҳарбий нишон»га зарба берилганини маълум қилганди.

Reuters агентлиги ўшанда ҳалок бўлганлар орасида мудофаа вазири ва ҳусийчилар штаби бошлиғи ҳам борлигини маълум қилганди. Хабарда Исроил юқори мартабали амалдорлар олдиндан ёзиб олинган нутқни телевизорда томоша қилиш учун тўпланган бир нечта жойга зарба берганини хабар қилган.

Ар-Раҳовий «Ансор Аллоҳ» ҳаракати Тел-Авивдаги Бен Гурион аэропортига «Фаластин-2» гипертовушли ракетаси ёрдамида ҳужум қилингани ҳақида хабар берганидан бир кун ўтиб ўлдирилди.

Исроилнинг Кешет 12 телеканалида жума куни берилган хабарга кўра, мамлакат ҳарбийлари ҳусийчиларнинг бутун ҳукумати (12 вазир ва бош вазир) зарба оқибатида ҳалок бўлган деб ҳисоблайди, бироқ бу якуний баҳо эмас. Кешет 12 ўз маълумотлари манбасини кўрсатмаган.

Яманнинг Al-Jumhuriya нашри ал-Раҳовий Санодаги квартирасида вафот этгани ҳақида хабар берган.

Бунгача Исроил 25 август, душанба куни Яман пойтахтига зарбалар берганди. Маҳаллий расмийлар маълумотларига кўра, ушбу ҳужум оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлган, 100 киши жароҳатланган.

Ҳусийчилар Ҳамас билан урушда Исроил томон бир неча бор ракета ва дронлар учирган ҳамда буни фаластинликларга бирдамлик ифодаси деб изоҳлаган. Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари аксар ҳолларда уларни муваффақиятли тутиб олади.

Бундан ташқари, ҳусийчилар Қизил денгиз ва Адан кўрфазидаги савдо кемаларини мунтазам равишда ўққа тутган.

Ушбу ҳужумларга жавобан Исроил ва АҚШ Яманнинг исёнчилар назоратидаги ҳудудларига, жумладан, мамлакат пойтахтига кўплаб зарбалар бериб келади.

Май ойида АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти ҳусийчилар билан келишув ҳақида эълон қилиб, кемаларга ҳужумлар тўхтатилишига жавобан ҳаво ҳужумларини тўхтатишга ваъда берганди. Исёнчилар келишув Исроилга алоқадор нишонларга ҳужумларни тўхтатишни англатмаслигини таъкидлаганди.

Исёнчи ҳусийчиларнинг «Ансор Аллоҳ» ҳаракати 2014 йилда Яманда сиёсий кучга эга бўлганди. 2015 йилдан бери улар мамлакат пойтахти Санони назорат қилмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид