Жаҳон | 09:08 / 01.09.2025
2126
2 дақиқада ўқилади

Volkswagen Бразилияда ўтмишдаги иш шароити учун жаримага тортилди

Бразилия меҳнат суди Volkswagen'нинг Бразилиядаги бўлинмасини 1974-1986 йиллар оралиғида бир нечта ишчиларни қулларга ўхшаш шароитларда ушлаб туришда айблади. Немис компанияси миллионлаб евро миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлади.

Фото: Wolfgang Weihs/picture alliance

Бразилия меҳнат суди Германиянинг Volkswagen (VW) автомобил концернини жамоавий маънавий зарар учун товон пули сифатида 165 миллион реал (тахминан 26 миллион евро) тўлашга мажбур қилди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

Бунга 1974 йилдан 1986 йилгача Бразилиянинг Пара штатидаги Volkswagen шуъба корхонасига тегишли бўлган чорвачилик фермасида камида 15 киши қулликка ўхшаш ғайриинсоний муносабатга учрагани ҳақидаги айбловлар сабаб бўлган, деб ёзади KNA агентлиги.

Тергов маълумотларига кўра, фермер хўжалигига ўрмонларни тозалаш ва яйловлар яратиш учун ноқонуний шартномалар асосида 300 га яқин киши ёлланган. Улар тўйиб овқатланмаган, қарз қуллигига дучор бўлган ва қуролли соқчилар томонидан қўриқланадиган фермадан чиқа олмаган. Прокуратуранинг таъкидлашича, ҳатто фермада безгак билан касалланганларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

Ушбу ҳолатлар бўйича тергов фақат 2019 йилда, йиллар давомида далиллар тўплаган маҳаллий руҳоний прокуратурага мурожаат қилгандан сўнг бошланган. Расмий айбловлар 2024 йилда тақдим этилган. «Ушбу ҳаракатлар Бразилия тарихидаги замонавий қулликнинг энг йирик ҳолатларидан биридир», — дейилади маҳаллий прокуратура баёнотида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид