Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиядан 16 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ходимларидан иборат Ишчи гуруҳи Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида вақтинча ишлаётган ватандошлар билан учрашди.
Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича чет эл фуқароларига комплекс хизматларни кўрсатувчи Ягона кўп тармоқли миграция маркази фаолияти билан танишди. Марказ раҳбарияти билан меҳнат мигрантларининг Россия ҳудудида қонуний бўлиши учун тақдим этиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон вакиллари "Агрофирма Выборжец" ва "Кингисеппский машиностроительный завод" корхоналарида ишлаётган юртдошлар билан мулоқот қилди.
Суҳбат давомида меҳнат мигрантлари бўлган ҳамюртлар учун яратилган шароитлар тўғрисида фикр алмашилди. Ватандошларнинг Россия ҳудудида қонуний ишлашининг афзалликлари ва "Миграция амнистияси" доирасида ўз ҳуқуқий ҳолатларини легаллаштириш учун имконият борлиги таъкидланди.
Ишчи гуруҳ Ленинград вилоятида жойлашган Россия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказида бўлиб, марказда бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳолидан хабар олди. Мулоқот чоғида юртдошларнинг муаммолари тингланди.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида, 16 нафар фуқарога оиласи бағрига қайтиши учун "Ватанга қайтариш" инсонпарварлик акцияси доирасида авиачипта олиб берилди.