Жаҳон | 14:22 / 04.09.2025
2399
2 дақиқада ўқилади

Макрон: «Кўнгиллилар коалицияси» Украина учун кафолатлар тайёрлади

«Кўнгиллилар коалицияси»га кирувчи Европа давлатлари Украина учун хавфсизлик кафолатларини тайёрлаб қўйган ва уларни Москва билан тинчлик шартномаси имзолангандан кейин беришга тайёр бўлади. Бу ҳақда Франция президенти Макрон айтиб ўтди.

Фото: Sarah Meyssonnier/REUTERS

«Кўнгиллилар коалицияси» таркибига кирувчи Европа давлатлари Украина учун урушдан кейинги хавфсизлик кафолатларини тайёрлаб қўйган ҳамда Киев ва Москва тинчлик битими имзолангандан кейин уларни беришга тайёр бўлади. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон 3 сентябр, чоршанба куни Парижда украиналик ҳамкасби Володимир Зеленскийни қабул қилиш чоғида айтиб ўтди, деб ёзади dpa.

Макроннинг сўзларига кўра, Украина учун хавфсизлик кафолатлари Вашингтондаги Украина бўйича август саммитидан сўнг «кўнгиллилар коалицияси» ҳарбий раҳбарияти томонидан биргаликда тайёрланган. «Мамлакатларнинг бугун куннинг иккинчи ярмида мудофаа вазирлари даражасида қатъий махфийликда тайёрланган, ҳужжатлаштирилган ва маъқулланган ҳиссалари шуни аниқ айтишга имкон беради: бу иш якунланди ва энди сиёсий жиҳатдан тасдиқланади», деди Франция президенти.

4 сентябр куни Парижда гибрид режимда бўлиб ўтадиган «кўнгиллилар коалицияси» йиғилишида ушбу кафолатлар муҳокама қилингандан сўнг, «биз Украина ва европаликлар учун мустаҳкам, узоқ муддатли тинчликка тайёрмиз», деб айтиш мумкин бўлади», деди Эммануэл Макрон.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид