Жаҳон | 22:06 / 05.09.2025
21379
5 дақиқада ўқилади

Ким Пекинга кўчма ҳожатхона билан борган. Бу – отамерос одат

Азизлар, бугун қизиқ мавзу ҳақида гаплашамиз. Асосий қаҳрамон – Ким Чен Ин бўлади. Ким Хитойга кўчма ҳожатхона билан боргани ва қўли теккан буюмлар тозалаб чиқилгани у ҳақдаги эски афсоналар қайталанишига сабаб бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Жанобнинг бирор излари қолмасин!»

Яқинда Хитойда ҳарбий парад ўтказилди. Хитой Америкага ўз қуролларини кўз-кўз қилишига бағишланган параднинг икки асосий меҳмони Россия президенти Путин ва унинг дўсти, Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин бўлди. Жаноб Ким ўзи бир қашшоқ давлат раҳбари бўлса-да, шунчалик уникал шахски, ҳар қандай сиёсий раҳбар унинг соясида қолади. Масалан, бир саҳнага Россия, Америка, Хитой раҳбари ва Кимни чиқариб кўринг. Анави учовининг нима қилаётганига ҳеч кимнинг иши бўлмайди, лекин Ким нима қилаётганини ҳамма диққат билан кузатади. Чунки у дунё сиёсатидаги энг сирли давлат раҳбари.

Хитойдаги параддан кейин ҳам шунақа бўлди. Бошқа меҳмонлар ҳамманинг эсидан чиқиб кетди, лекин жаҳон нашрлари Кимнинг ҳаракатларини ёритишдан чарчамаяпти. Тадбирни ёритишга борган россиялик уруш тарғиботчиларидан бири ўз каналида қизиқ видео эълон қилди. Видео Путин ва Ким ўртасида учрашув ўтказилган хонадан олинган. Кадрда шимоллик қўриқчилардан бири Ким ўтирган курсини, столдаги унинг қўли теккан жойларни тозалаётгани кўринади. Бошқа бир ходим Ким теккан идишни олиб чиқиб кетган. Яъни шимолий кореялик қўриқчилар Кимнинг изини тозалаб чиқишган. Мақсад аниқ – ҳеч ким товариш Кимнинг ДНКсини ололмасин!

Кўчма унитаз

Япониянинг Nikkei нашрига кўра, Хитой сафарига Ким одатдагидек поездда борган. Поездда эса Кимнинг доимий кўчма ҳожатхонаси бўлган. Ким ҳарбий парадга кўчма ҳожатхона билан борганини корейс ва япон махсус хизматлари ҳам тасдиқлаган. Шимолий Корея бўйича экспертларга кўра, бу Кимни қўриқлаш доирасида амалга ошириладиган одатий процедура. Унинг отаси Ким Чен Ир даврида ҳам бунақа одат бўлган. Шу тариқа корейслар хорижликлар ўз лидерларининг саломатлиги ҳақида маълумот аниқлашига йўл қўймайди. Кимнинг қўриқчилари унинг барча сафарларига махсус чиқинди халталари ҳам олиб боришади, унинг қўли теккан ҳар қандай буюм тозаланиб, чиқинди йўқ қилинади.

Масалан, 2019 йил Ким Ветнамда Доналд Трамп билан кўришганидан кейин унинг қўриқчилари лидер қолган хонани соатлаб тозалаган, у ердан матрасни ҳам олиб чиқиб кетишган. 2018 йил Ким Жанубий Корея президенти Мун Че Ин билан учрашганда айниқса диққат билан ишлашган. Ўшанда стул Ким ўтиришидан аввал дезинфекция қилинган, у фойдаланадиган идишлар текшириб чиқилган.

2023 йил Ким Путин билан учрашганда қўриқчилардан бири унинг стулини металл изловчи қурилма билан текширган. Ҳа, Ким ўз саломатлиги масаласида ҳеч кимга, ҳатто энг яқин иттифоқчиси Россияга ҳам ишонмайди.

Афсоналар

Шу ўринда қизиқ бир маълумотга тўхталсак. Биласизми, Шимолий Кореяда кўпчилик Ким Чен Ин ҳеч қачон ҳожатхонага чиқмайди деб ўйлайди. Ахир у ҳожатхонага борганини ҳеч ким кўрмаган-да! Ким қаерда бўлмасин, кўчма ҳожатхона билан боради. Унинг махсус машинасида, зирҳли поездида ҳожатхона бор. Ҳатто корейс нашрларида «Ким шунчалик кўп меҳнат қиладики, унинг егани танасига юқиб кетади» деган афсона сиздирилади.

«Кунгфу панда» мултфилми қаҳрамони По аждар жангчиси шудринг ва қуёш нури билан озиқланиши ҳақида афсонани эшитганда, кайфияти тушиб кетади. Ахир чинакам аждар жангчиси бўлган По дадаси пиширган мантиларни паққос туширишни яхши кўради-да. Балки Шимолда Ким Чен Ин шудринг ва қуёш нури билан озиқланиши ҳақида афсона ҳам тарқалгандир. Автократия ана шунақа нарса, жаноблар. Одамлар ақлга сиғмайдиган мифларга ишониб юришади. Омон бўлинг. Оддий инсон бўлиш қанчалик яхши...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид