Жаҳон | 08:01 / 05.09.2025
2662
2 дақиқада ўқилади

Полша АҚШдан ЯИМ ўсиши туфайли уни G20'га таклиф қилишни сўради

Полша ҳукумати мамлакат бош вазири Доналд Тускнинг Полша ялпи ички маҳсулоти ҳозирда бир триллион доллардан ошгани ҳақидаги баёнотидан сўнг дунёнинг иқтисодиёти етакчи «20 талик гуруҳи»дан жой олишга умид қилмоқда.

Фото: Getty images

Полша 2026 йилда «20 талик гуруҳ» (G20)га раислик қиладиган Қўшма Штатлардан уни G20'га таклиф қилишни сўради. Бу ҳақда журналистларга Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский маълум қилди, деб хабар берди TVP World телеканали.

Мамлакат ташқи ишлар вазирининг қўшимча қилишича, у Майамидаги музокаралар чоғида АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан бу масалани аллақачон муҳокама қилган ва Полшада G20'га қўшилиш учун етарли асослар бор, деб ҳисоблайди. «Биз нафақат дунёдаги энг йирик 20 та иқтисодиётдан бири сифатида, балки сиёсий ва интеллектуал аргумент тақдим этувчи давлат сифатида ҳам бунга ҳақлимиз», деди Сикорский.

Шу куни аввалроқ мамлакат бош вазири Доналд Туск Полша «триллионер давлат»га айланганини (ялпи ички маҳсулоти 1 триллион доллардан ошгани), бор-йўғи йигирмата давлатдан иборат «жуда эксклюзив клуб»га қўшилганини эълон қилди. Телеканал келтирган Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, 2025 йилда Полша ялпи ички маҳсулоти 980 миллиард доллар атрофида бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид