Жамият | 11:12 / 05.09.2025
2968
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистондан наркотик олиб келиб, сотиш билан шуғулланган гуруҳ қўлга олинди

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи 6 нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, қирғизистонлик наркосавдогардан 2 кг “гашиш” моддасини 15 000 АҚШ долларига сотиб олишга келишган ва ушбу мақсадда 1950 АҚШ долларини бошланғич бадал сифатида унга етказиб берган.

Фото: Видеодан кадр

ДХХ хабарига кўра, Қирғизистон фуқароси гиёҳвандлик воситасини ўзбек-қирғиз давлат чегарасидан контрабанда йўли билан ўтказиб, Хонобод шаҳридаги хуфия жойда қолдирган.

Қўрғонтепалик оғуфурушлардан бири ушбу заҳри қотилни олиб, ўзининг автомашинасида Хонобод-Қўрғонтепа йўналишида ҳаракатланаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, жиноий гуруҳнинг қолган 5 нафар аъзоси ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу “гашиш” гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 1 кг 954 грни ташкил қилди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид