Жаҳон | 20:44 / 05.09.2025
3712
3 дақиқада ўқилади

Трамп Оқ уйда технологик компаниялар раҳбарлари учун зиёфат уюштирди

У Meta, Microsoft, Apple ва OpenAI каби йирик технологик компания раҳбарларидан мамлакатга қанча сармоя киритганини сўради. Тадбирда Трампнинг бир вақтлар яқин иттифоқчиси бўлган Илон Маск кўринмади.

Фото: AP

4 сентябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйга технологик компаниялар раҳбарларини кечки овқатга таклиф қилди, бироқ меҳмонлар рўйхатида Tesla, SpaceX ва Х раҳбари Илон Маск йўқ эди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Трампнинг бир вақтлар яқин иттифоқчиси бўлган, аввалроқ федерал харажатларни қисқартиришга мўлжалланган янги ҳукумат агентлигига (DOGE) раҳбарлик қилиш топширилган Маск кейинроқ ўзини кечки овқатга таклиф қилишганини, бироқ иштирок этолмаганини айтди.

Президент зиёфатида бошқалар қаторида Meta раҳбари Марк Цукерберг, Microsoft раҳбари Билл Гейтс, Apple раҳбари Тим Кук, OpenAI раҳбари Сэм Алтман иштирок этди.

Трамп сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқотларни намойиш этди ва бундай компанияларнинг Қўшма Штатлар бўйлаб амалга ошираётган сармоялари билан мақтанди.

«Бу мамлакатимизни янги босқичга олиб чиқади», деди у стол атрофида «юқори интеллектуал одамлар» қуршовида ўтирган ҳолда.

Ушбу зиёфат Трамп ва унинг инаугурациясида иштирок этган технологик соҳа етакчилари ўртасидаги нозик муносабатларнинг сўнгги намунаси бўлди, деб таъкидламоқда нашр.

Компаниялар раҳбарлари Трампни мақтаб, мамлакатда технологик тараққиётга эришишдан умидвор эканлигини айтган бир пайтда, республикачи президент кўпроқ пулга эътибор қаратди. У стол афтрофини айланиб, раҳбарлардан мамлакатга қанча сармоя киритаётганини сўради.

Марк Цукерберг (Meta) 600 миллиард доллар ҳақида маълум қилди, Apple раҳбари Тим Кук ҳам худди шу миқдорни айтди. Google шуъба корхонаси бўлган Alphabet бош директори Сундар Пичаи 250 миллиард доллар сармоя киритганини таъкидлади. Microsoft бош директори Сатя Наделла Сиэтлдаги технологик гигант йилига 80 миллиард долларгача сармоя киритишини айтди.

«Бу оз эмас, яхши, жуда яхши», деб маъқуллади Трамп.

Зиёфатда иштирок этган бошқа таниқли шахслар орасида IBM раиси ва бош директори Арвинд Кришна ва Code.org президенти Кэмерон Уилсон ҳам бор эди.

Оқ уйнинг тасдиқлашича, кечки овқатга таклиф қилинганлар рўйхатига Google асосчиси Сергей Брин, OpenAI асосчиси Грег Брокман, Oracle бош директори Сафра Кац, Blue Origin бош директори Дэвид Лимп, Micron бош директори Санжай Мехротра, TIBCO Software раиси Вивек Ранадиве, Palantir раҳбари Шям Санкар ва Scale AI асосчиси Александр Ванг ҳам киритилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид