Соғлом ҳаёт | 21:14 / 06.09.2025
3669
2 дақиқада ўқилади

Дунёда руҳий муаммоларга эга миллиарддан ортиқ одам бор — ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) янги маълумотларни эълон қилди, унга кўра, дунёдаги 1 миллиарддан ортиқ одам руҳий саломатлик муаммолари — хавотир, депрессия ва бошқа руҳий дисфункциялар билан яшамоқда.

Фото: Getty Images

ЖССТ маълумотларига кўра, 2021 йилда 15 ёшдан ошган 400 миллион киши спиртли ичимликларни истеъмол қилиш билан боғлиқ касалликларга, 2022 йилда эса 64 миллиондан ортиқ одам гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш оқибатида келиб чиққан касалликларга чалинган. 2021 йилда қарийб 57 миллион киши деменциядан, 24 миллиондан ортиғи эпилепсиядан азият чеккан.

ЖССТ энг кенг тарқалган руҳий касалликлар деб хавотирли ва депрессив бузилишларни айтади, 2021 йилда улар барча руҳий касалликларнинг 2/3 қисмидан кўпроғини ташкил этди. Бундай касалликлар кўпинча 20-29 ёшдаги кишиларда учрайди. Ҳисоботда қайд этилишича, 2011-2021 йилларда руҳий касалликларга чалинганлар сони дунё аҳолиси сонидан тезроқ ўсган.

ЖССТ, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, барча мамлакатларда ўз жонига қасд қилишни «ёшлар орасидаги бевақт ўлимнинг асосий сабаби» деб атайди. 2021 йилда ўз жонига қасд қилиш 727 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган. ЖССТ ҳисоботида айтилишича, ўз жонига қасд қилишдан ўлимни камайтириш бўйича ҳозирги саъй-ҳаракатлар етарли эмас - 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич БМТ тахмин қилганидек учдан бир эмас, балки ҳозирги динамикани сақлаб қолган ҳолда атиги 12 фоизга камаяди.

Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, руҳий касалликларнинг тарқалишидан кўрилган зарар йилига 12 миллиард самарали иш кунини ташкил этади - бу жаҳон иқтисодиётига йилига тахминан 1 триллион долларга тушади.

Шу билан бирга, депрессияга чалинганларнинг атиги 9 фоизи сифатли даволанмоқда. Бундан ташқари, психоз билан оғриган одамларнинг 71 фоизи умуман тиббий ёрдам олмайди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид