Жаҳон | 11:18 / 06.09.2025
1893
2 дақиқада ўқилади

Германиядаги ХСИ раҳбари НАТО қўшинларини Украинага юборишга қарши

ХСИ етакчиси Маркус Зёдернинг ишончи комилки, Бундесвер Украинага аскарлар жўнатишга тайёр эмас. Сиёсатчи мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун меҳнатга лаёқатли украиналикларни ўз ватанига қайтариш варианти тўлиқ қонуний, деб ҳисоблайди.

Фото: AP

Бавария консерватив Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) партияси раҳбари ва Бавария бош вазири Маркус Зёдер Киев учун хавфсизлик кафолатлари доирасида Бундесверни Украинага юбориш ғоясини рад этди. «У ерда НАТО қўшинлари жойлаштирилишини тасаввур қилиш қийин. Россия буни ҳеч қандай шароитда қабул қилмайди. Ахир бу Украинанинг НАТОга қўшилиши йўлидаги биринчи қадам бўларди», — деди сиёсатчи Rheinische Post газетасига берган интервюсида.

ХСИ етакчисига кўра, Германия бир қатор сабабларга кўра ўз контингентини Украинага жойлаштиришга тайёр эмас. «Бундесвер бунга тайёр эмас. У молиявий томондан ҳам, кадрлар жиҳатидан ҳам имкониятлари чегарасида. Шунинг учун яна ҳарбий хизматга чақириш зарур. Охир-оқибат, бундан қутулиб бўлмайди», — дея таъкидлади Зёдер.

Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал этишда муваффақиятлар кузатилмаган бир пайтда, Маркус Зёдер «мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун меҳнатга лаёқатли украиналикларни ўз ватанига қайтариш имкониятини кўриб чиқиш мутлақо қонуний», деб ҳисоблайди. Сиёсатчи, шунингдек, қора-қизил коалициянинг Германиядаги украиналик қочқинлар учун асосий ижтимоий нафақалар ёки «Бургергелд» деб аталмиш фуқаролик нафақасини тўлаш бўйича режаларидан бошқача йўналиш тарафдори.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид