Жамият | 16:32 / 06.09.2025
15955
5 дақиқада ўқилади

“Кутмоқ ва умид қилмоқ керак”: маҳбусликдан графликкача бўлган йўл

Александр Дюма. Бу номни эшитмаган китобхон жуда оз топилса керак. Унинг 1844 йилда ёзилган “Граф Монте-Кристо” асари бутун дунё китобхонлари учун абадий дурдоналардан бири ҳисобланади. Шу ўринда айтишни истардик, аксарият кузатувчиларимиз ҳам бу асар ҳақида гапиришимизни сўрашган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Демак, бугун “5 дақиқа”да “Граф Монте-Кристо” ёхуд “Иф қалъасининг маҳбуси” ҳақида гаплашамиз.

Асар марказида денгизчи Эдмон Дантес туради. У ёш, самимий ва меҳнатсевар йигит. Тақдир эса унга кенг йўллар очгандек кўринади: кема капитани бўлиш арафасида. У севгилиси Мерседес билан бахтли ҳаёт сари интилаётган дамлар. Бироқ ҳасад ва нафс ҳар қандай буюк режаларни йўққа чиқара олади. Дантеснинг атрофида дўст бўлиб юрган Фернан, Данглар ва Кадрус уни йиқитиш учун режа тузишади. Ёлғон айблов уюштириб, қаҳрамонни қамоққа ташлашга эришадилар.

“Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай” - Имом Бухорий

Дантес қамоқ деворлари орасида тақдир билан юзма-юз қолди. Дастлабки йилларда у умидсизликка тушди, ҳеч қандай ёруғ йўл кўринмасди. Бироқ қамоқда доно Фариа билан танишиши барчасини ўзгартирди. Фариа унга илм, сиёсат, тиллар ва ҳаётий тажрибани ўргатди. Бу тарбия орқали Дантес оддий денгизчидан ақл ва билим соҳибига айланди. Донишманд Фарианинг қўлида яна бир сир бор эди — Монте-Кристо оролидаги туганмас хазина. Унинг ўлими Дантес учун оғир зарба бўлди, бироқ айнан шу фожиа унга эркинликка йўл очди.

Қамоқдан қочиш саҳнаси романнинг энг драматик бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Дантес йиллар давомида тош деворлар, зулмат ва ёлғизлик билан курашди. Фариа ўргатган билим ва чексиз ирода унга куч берди. У маҳбуснинг жасадини алмаштириш орқали қутулиш режасини амалга оширди. Ўзини ўлганга солиб, қисматдошининг ўрнига қопга кириб ётди. Кейин у денгизга улоқтирилди — озодликка эришиш учун жон-жаҳди билан курашишига тўғри келди. Бу саҳна шунчаки қамоқдан қочиш эмас, балки инсон иродасининг ғалабаси, руҳий қайта туғилишга ўхшарди.

Ўлмай туриб тирилиш имкони ҳамиша бор...

Эркинлик ва хазина Дантесни янги шахсга айлантирди. Энди у оддий денгизчи эмас, балки сирли ва қудратли шахс – Граф Монте-Кристо сифатида намоён бўлди. Унинг ҳаётида энди фақат бир мақсад бор эди: хиёнат қилганлардан адолат талаб қилиш. Аммо бу интиқом шунчаки ёвузлик эмас, балки режали, ҳар бир қадамда ҳисоб-китоб қилинган ҳаракатлар эди. У Фернан, Данглар ва Вилфор каби душманларининг ўзига хос заиф нуқталарини топиб, уларни мағлуб этди.

Мерседес эса Дантеснинг тақдирида алоҳида ўрин тутди. У собиқ севгилисини танимай қолди. Чунки унинг олдида энди илгариги содда йигит эмас, балки азоблар орқали улғайган, сирли ва қудратли одам турарди. Бу учрашув асарнинг руҳий драматизмини янада чуқурлаштиради.

Қасос адолатни таъминлайдими?

“Граф Монте-Кристо” орқали Дюма инсон тақдири, ирода ва адолат ҳақида чуқур фалсафий саволлар қўяди. Роман ўқувчига шундай маъноли хулосани етказади: адолат кечикса ҳам, у албатта ғолиб чиқади. Аммо бир вақтнинг ўзида, интиқом инсон қалбини оғир синовларга солиши мумкинлиги ҳам кўрсатилади. Дантеснинг йўли шунчаки шахсий ғалаба эмас, балки бутун жамият учун огоҳлантирувчи дарсдир.

Бугунги кунда ҳам бу асарнинг долзарблиги йўқолгани йўқ. Хиёнат ва адолат, муҳаббат ва интиқом — ҳар бир даврда, ҳар бир жамиятда мавжуд мавзулар. Шу боис “Граф Монте-Кристо” асрдан асрга ўтиб, миллионлаб ўқирманлар қалбини забт этмоқда.

Ўзингизни сўроқ қиласиз

Александр Дюманинг бу шоҳ асари инсон иродаси, сабр ва адолат йўлидаги курашнинг узоқ ва оғир, аммо шарафли йўлини кўрсатади. Дантеснинг қамоқдан қочиши ва Монте-Кристога айланиши орқали ёзувчи ҳақиқат ва адолат кечикса ҳам, уни ҳеч ким тўхтата олмаслигига ишора қилади.

Кимдир келиб сизнинг ёқангиздан олмаслиги мумкин. Бироқ ҳақиқат сизнинг ўзингиз билан ёлғиз қолганингизда намоён бўлади. Ўзингиз билан суҳбатлашасиз, ёмонлигингиз, душманлигингиз учун ўзингизни айблайсиз. Кечиролмайсиз, албатта шундай фурсат келади. Адиб аслида ана шу ҳақиқий интиқом, демоқчи бўлади!

Хулоса

Асар жуда ажойиб якунланган. Ўша жумлани тез-тез такрорлаб тураман: “Кутмоқ ва умид қилмоқ керак”. Зукко китобхон учун бу кўп нарса дегани.

Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.

“5 дақиқа”да кўришгунча. Вақтингизга рози бўлинг!

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид