Жамият | 20:00 / 16.08.2025
8067
4 дақиқада ўқилади

“Кассандра тамғаси” – туғилмасидан ёвузликка ҳукм этилганлар

Биз бу сафар адабиёт афсонаси, қардош қирғиз халқининг буюк вакили Чингиз Айтматов ижоди билан “Беш дақиқа”мизни ўтказамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Айтматовнинг “Кассандра тамғаси” ёхуд ўзбек тилига “Охирзамон нишоналари” дея таржима қилинган мураккаб романи ўз вақтида ҳам, бугун ҳам жиддий баҳс-мунозараларга, шов-шувларга сабаб бўлиб келмоқда.

Роман воқеалари ўзини фазовий роҳиб Филофей деб атай бошлаган, яъни Андрей Крильцов атрофида содир бўлади. У илмга, айниқса, инсон ҳаётининг бошланиш сирларига жиддий қизиқиб қолади. Медицина ва генетика соҳасида юксак натижаларга эришган олим инсонийлик ва илмий ёвузлик ўртасидаги чегарани йўқотади.

У маҳкума аёллар бачадонида ота-онаси йўқ, ирсий боғлиқликдан мутлақо холи “иксзурриёт”лар етиштириш дастурини яратади. Ҳокимият бундай одамларни “янги типдаги инсон” сифатида кўради. Янги бир жамият қуриш воситаси деб баҳолайди. Аммо бу тажрибаларнинг инсоний қиймати ҳақида ўйлаганларнинг барчаси олимдан юз ўгиришади.

Кассандра тамғаси” нима?

Крильцов космосда ёлғиз қолиб, тиббий тадқиқот олиб борар экан, улкан кашфиёт қилади – “Кассандра тамғаси”ни ишга туширади. Унга кўра, ҳомиладорликнинг дастлабки ҳафталарида баъзи аёлларнинг пешонасида пайдо бўладиган доғ – аслида туғилажак боланинг тақдири ёмон кечишидан дарак беради. Бундай ҳомилалар гўёки “мен туғилмасликни хоҳлайман” дегандек сигнал юборади.

Филофей бу белгини бутун жаҳонга ошкор қилиб, туғилишиданоқ ёвузлик йўлига кириши аниқ бўлган чақалоқлар ҳақида огоҳлантиради. Бунинг ортидан оммавий ваҳима, сиёсий босим, намойишлар бошланади. Унга ҳомийлик қилган америкалик футуролог олим ҳам оломон томонидан йўқ қилинади.

Яратгувчининг чегарасига яқин боришга уринилади

Асар қаҳрамони Филофей “Сталин ва Гитлерлар охирзамонни тезлаштириб юборди. Мана шундай инсонларни туғилмасиданоқ йўқ қилиш лозим”, деган мазмунда Рим папасига мактуб ёзади.

Асарда бу кашфиётнинг маънавий-ахлоқий баҳсли томонлари кўп. Агар туғилишидан олдин тақдири ёмон бўлиши аниқ бўлса, болани дунёга келтирмаслик тўғрими? Бу саволга ёзувчи ҳам аниқ жавоб бермайди – қарорни ўқувчининг ўзига ҳавола қилади.

Филофей ушбу ихтироси билан инсониятни иккига бўлиб қўяди.

Дунё фалокат ёқасига келиб қолади

Хўш, нега “Кассандра тамғаси” яратилди, нега инсоният фалокат ёқасига келиб қолди?

Айтматов роман фонида охирзамон белгилари дея табиий бузилишлар, клонлар, экологик муаммоларга ўқувчи эътиборини қаратади.

Инсоният худбинлиги ва бойлик васвасаси билан Ер юзини ҳалокат сари етаклаётганини тасвирлайди. Китлар галаси ўзини қирғоққа отиб жонига қасд қилиши, қушлар, ҳайвонлар гўё инсоннинг адолатсизлигига исён қилгандек бутунлай ғойиб бўлишини охирзамон нишонаси сифатида кўрсатади.

Уни эшитишмади...

Филофей ўзининг илмий ишлари орқали ёвузликка қарши огоҳлантириш берди, аммо уни эшитишмади. Унинг хаёлида агар инсоният ахлоқсизлик, нафс, шафқатсизликдан воз кечмаса, охирзамон – ташқи кучдан эмас, инсоннинг ўзидаги ёвузликдан келади.

Охирида олим барчасидан умидини узиб, ўзини очиқ космосга ташлайди. Бу – фақат бир олимнинг эмас, балки инсон ақли, виждони ва келажакка бўлган ишончининг ҳам йўқолиши каби кўринади.

Айтматов бу асари орқали инсон тараққиётни фақат технологиялар билан эмас, виждон ва келажак олдидаги масъулият билан қуриши кераклигини эсга солади.

Бу китобни “Беш дақиқа”да тушунтириб бўлмайди. Яхшиси, “Кассандра тамғаси”ни ўзингиз ўқинг. Албатта ўқинг.

Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид