Бугун “Беш дақиқа”да катта илмий ва миллий драмани кўрсатиб берган асар ҳақида гаплашамиз. Абдуқаюм Йўлдошнинг “Пуанкаре” ҳикояси – шахсий орзулар, миллий фожиа ва илмга муносабат ҳақидаги жуда таъсирли асар.

Ҳикоя марказида бир олим бор. Унинг умри Пуанкаре гипотезасига бағишланган. Олимнинг эски портфели – кўп йиллаб йиғилган қўлёзмалар, формулалар ва изланишлар билан тўлган. Асарда портфель эскириб, ичидагини тўкиб-сочаётгани каби, олимнинг ҳам умри секин-аста маъносини йўқотаётгани кўрсатилади.

Пуанкаре гипотезаси дунё математикасининг энг қийин муаммоларидан бири. Муаммо фақат техник масала эмас, асар қаҳрамони учун бу умр маъноси. Шунинг учун олимнинг ҳар бир куни, ҳар бир изланиши умид ва алам ўртасида кечади.

Турмуш ва илм ўртасидаги зиддият

Ҳикоянинг асосий воқеалари олимнинг кундалик ҳаёти атрофида содир бўлади. Илм билан шуғулланиш ўрнига у турмуш ташвишлари билан қийналади. Қайнонаси, аёлининг босими, қуда-андаларга совға тайёрлаш, уй-жой муаммолари, маошнинг камлиги ва шу кабилар. Институтда эса ундан буюк муаммолар ечиш эмас, балки “фойдаси бор” ишлар билан шуғулланиш талаб қилинади. “Давлат сизга сароб ортидан югурсин деб маош тўламайди”, дейишади унга раҳбарлар.

Олимнинг қалбидаги олов эса сўнмайди. У ҳар гал портфелини очиб, эски қоғозларини кўриб, яна илмий ишга киришади. Аммо ҳаёт унга имкон бермайди. Турмуш ва илм ўртасидаги зиддият унинг умрини эриб бораётган шамга айлантиради.

Бу ҳолат тасодифий эмас. Муаллиф бизга ўзбек олимларининг тақдирини кўрсатади. Илм йўлида изланишга тайёр кўплаб олимлар тарихда турмуш гирдобида қолиб кетган. Улар кашфиётлар остонасигача борган, бироқ шароит йўқлиги сабаб орзулар йўлининг ярмидан қайтишга мажбур бўлишган.

Шогирд билан учрашув: умид ва огоҳлантириш

Қаҳрамон ҳаётида талабанинг пайдо бўлиши – янги умиддир. Ёш, зукко ва илмга чанқоқ бу йигит устоз кўз ўнгида умидли авлоднинг рамзи сифатида гавдаланади. У билан танишганда, олим ўзининг ёшлик қиёфасини кўргандек бўлади. Шунинг учун ҳам: “Агар зукко бир талаба ёрдам берса, Пуанкарени бир ҳафтада ечар эдим”, дея хаёл қилади.

Бироқ муаллиф бу ерда оғир ирония қилади. Устоз яхши англайди: муҳит ўзгармаса, шогирд ҳам унинг тақдирини такрорлайди. Асарда ҳам шундай. Илмга берилган умидли йигит маиший қийинчилик, моддий етишмовчиликларга дуч келади. Ва эски сценарий такрорланишига ишора қилинади. Шу жиҳатдан талаба – бир вақтнинг ўзида умид ва огоҳлантириш рамзи.