Жаҳон | 07:39 / 06.09.2025
2657
2 дақиқада ўқилади

Мерц Украина хавфсизлик кафолатлари бўйича ўз режасини тақдим этади

AFP ва Der Spiegel нашрларининг ёзишича, Мерцнинг таклифлар тўплами Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлашни ўз ичига олади, бироқ бундесвер тинчлик битими тузилганидан кейин мамлакат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этишини назарда тутмайди.

Фото: Florian Gaertner/photothek.de/picture alliance

Германиянинг Der Spiegel ҳафталик нашри ва AFP ахборот агентлиги хабарига кўра, Германия ҳукумати Парижда бўлиб ўтадиган «кўнгиллилар коалицияси» йиғилишида Германиянинг Украина учун хавфсизлик кафолатларига қўшадиган ҳиссаси бўйича аниқ таклифларни тақдим этиши керак эди. Видеоконференция режимида йиғилишга қўшиладиган Германия канцлери Фридрих Мерц уруш тугаганидан кейинги давр учун Украина учун хавфсизлик кафолатлари режасини тақдим этиши лозим эди, деб ёзади Der Spiegel.

AFP ҳукуматдаги манбаларга таяниб ёзишича, гап биринчи навбатда Украинанинг ҳаво мудофааси ва ҳужумкор ҳарбий салоҳиятини кучайтириш ҳақида кетяпти. Мерцнинг таклифлар пакети Украина ҳудудига бундесвер аскарларини жойлаштиришни назарда тутмайди, дея таъкидлайди агентлик.

Германиянинг Украина хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиши учун зарур бўлган шартлар орасида AFP'нинг Берлиндаги суҳбатдошлари АҚШ ва Россиянинг музокараларга тайёрлигини, шунингдек, ҳукумат коалицияси доирасида ушбу мажбуриятлар бўйича консенсус ва Бундестагнинг қўллаб-қувватлашини келтирди. Шунингдек, Der Spiegel немис ҳукумати тинчлик битими тузилгандан кейин бундесвернинг Украина хавфсизлигини таъминлашдаги иштироки билан боғлиқ мажбуриятлардан қочиш ниятида эканини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид