Ўзбекистон | 20:46 / 07.09.2025
12393
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш тизимида қатор тайинловлар амалга оширилди

Тиббий ёрдамни ташкиллаштириш департаменти ҳамда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармасига янги раҳбарлар тайинланди. Шунингдек, яқингача Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари вазифасини бажарган Даврон Султонов вазирликнинг Назорат инспекцияси бўлими бошлиғи лавозимида иш бошлади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тизимда тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Алижонов Аброржон Алижон ўғли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий ёрдамни ташкиллаштириш департаменти бошлиғи этиб тайинланди.

А. Алижонов 2003 йил Андижон давлат тиббиёт институтининг бакалавриат, 2006 йил мазкур олий ўқув юртининг магистратура босқичларини тамомлаган.

Тайинловга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги Назорат инспекцияси бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Эралиев Умиджон Эргашович Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

У. Эралиев 2009 йил Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг бакалавриат, 2012 йил Тошкент тиббиёт академиясининг магистратура босқичларини тамомлаган.

Тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Соғлиқни сақлашни ривожлантириш шўъбаси бош инспектори вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Султонов Даврон Тоҳирович Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Назорат инспекцияси бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.

Д. Султонов 2005 йил Тошкент давлат тиббиёт институтининг бакалавриат, 2013 йил Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг магистратура босқичларини тамомлаган.

Муқаддам Ўзбекистон президенти администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти шўъба мудири лавозимида ишлаган, шу билан бир вақтда, Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари вазифасини бажарган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид