Молия | 21:00 / 08.09.2025
5549
2 дақиқада ўқилади

“Олтин ҳимоя қилади” деган ишонч нега бунча мустаҳкам?

Фото: Reuters

“Олтин инфляциядан ҳимоя қилади” деган қараш мустаҳкам илдизларга эга. 1971 йилда АҚШ долларнинг олтинга боғланишидан воз кечганидан бери, доллар ўз харид қобилиятининг қарийб 88 фоизини йўқотди. Шу даврда олтиннинг реал қиймати эса 8-9 баробарга ошди. Хўш, қандай қилиб?

Олтин фидуциар пул (одамларнинг ишончи ва давлат кафолатига эга муомаладаги банкнотлар)ни инфляциядан ҳимоя қилмайди, олтин инфляцияни кўрсатиб беради.

Инфляция кўпинча ташқи куч сифатида, марказий банклар фоиз ставкалари билан, ҳукуматлар эса фискал чоралари билан енгиши керак бўлган аждаҳо сифатида кўрсатилади. Аслида эса инфляция – бу пулга бўлган ишончнинг емирилишидир. Бу истисно эмас, бу – фидуциар тизимининг хусусияти.

Шунингдек, инфляция – пулнинг қадрсизланиши деган тор маънодаги фикр ҳам аҳоли ичида кўп жаранглайди. Аслида эса пул массасининг ортиши сабаб пул қадрсизланади. Олтин эса бу емирилишни кўрсатиб беради, яъни холисроқ ўлчов бирлиги ҳисобланади. У сиёсий ваъдаларга, чораклик мақсадларга ёки монетар тажрибаларга бўйсунмайди.

Нега марказий банклар олтин сотиб олаверади?

Агар олтин оддий товар бўлса, марказий банклар уни жамғармас эди. Аммо йил сайин улар олтинни йиғишни кўпайтириб бормоқда, ҳатто расмий риторикада фидуциарнинг мустаҳкамлиги мадҳ этилаётган бўлса ҳам. Нега? Чунки пул тизими архитектурасида олтин – пойдевор тоши. У ўсиш учун эмас, балки бардошлилик учун керак.

Шу сабабдан олтиннинг энг катта харидорлари оддий инвесторлар ҳам, тезда фойда топишни излаётган компаниялар ҳам эмас, айнан пул чиқарувчи ташкилотларнинг ўзлари.

Яъни марказий банкларнинг амали сўзини фош қилади: фидуциарнинг муаллифлари ҳам ўз тизимларидан ташқарида пойдеворга муҳтож.

Бахтинур Муҳамедов
Тайёрлаган Бахтинур Муҳамедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид