Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Rheinmetall Украинани дронларга қарши тизимлар билан таъминлайди
Армин Паппергернинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари Rheinmetall томонидан ишлаб чиқилган биринчи мобил Skyranger ҳаво мудофаа тизимларини йил охиригача – Бундесвердан эртароқ олади.
Skyranger ҳаво мудофаа тизими Фото: Robert Michael/dpa/picture alliance
Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни Украинани дрон ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун Skyranger ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлайди. Қиймати юзлаб миллион евро бўлган шартнома 10 сентябр куни Лондондаги DSEI мудофаа саноати кўргазмасида имзоланади, деди концерн раҳбари Армин Паппергер 8 сентябр, душанба куни эълон қилинган ZDF телеканалига берган интервюсида. Унинг сўзларига кўра, биринчи тизимлар жорий йилнинг охиригача Украина қуролли кучларига етказиб берилади.
Skyranger тизими — бу, хусусан, Leopard танкларига ўрнатилиши мумкин бўлган мобил зенит платформаси. «Ушбу тизимларнинг ҳар бири тўртдан тўрт километргача бўлган майдонни қамраб олиб, дронлардан тўлиқ ҳимояни таъминлай олади. Бу барча дронлар йўқ қилинишини билдиради», — деди Паппергер. У бу тизимлар Украинага ҳозирги вазиятда катта ёрдам бера олишини таъкидлади.
Шундай қилиб, Украина Германия қуролли кучларидан олдин Skyranger'ни қабул қилади, деб таъкидлайди dpa агентлиги. 2024 йил феврал ойида Бундесвер ушбу ҳаво мудофаа тизимларини ишлаб чиқиш ва етказиб бериш учун буюртма берди. Қиймати 595 миллион евро бўлган шартнома прототип ва яна 18 та серияли автомобил етказиб беришни назарда тутади. Паппергернинг сўзларига кўра, Бундесвер ҳали бу ускунани олмаган.