Жаҳон | 09:04 / 09.09.2025
4287
2 дақиқада ўқилади

Сеул АҚШдан рейд пайтида ушланган жанубий кореяликларни қайтаради

Қурилаётган Hyundai ва LG батареялар ишлаб чиқариш заводида қўлга олинган юзлаб жанубий кореяликлар яқин келажакда ўз ватанига қайтади, Вашингтон билан бу борадаги музокаралар якунланди, дея маълум қилди Сеул.

Фото: ATF Atlanta/ZUMA/IMAGO

АҚШнинг Жоржия штатида Жанубий Кореянинг Hyundai Motor Group ва LG Energy Solution компаниялари қурилиш майдончасида ўтказилган рейд чоғида 300 дан ортиқ ишчи ушланганидан сўнг, Сеул ҳукумати Жанубий Корея фуқароларини ўз мамлакатига қайтариш ниятида. АҚШ расмийлари билан келишув ҳақида Жанубий Корея президенти девони раҳбари Кан Хун Сик маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон билан бу борадаги музокаралар якунланган. Қўлга олинган жанубий кореяликлар учун зарур маъмурий тартиб-қоидалар тугаши билан чартер рейс жўнатилади, деди у.

Аввалроқ Сеулдаги Ташқи ишлар вазирлиги 4 сентябр куни Hyundai электромобиллар учун батареялар ишлаб чиқариш заводида ўтказилган рейд чоғида Америка иммиграция идоралари томонидан 300 дан ортиқ жанубий кореялик ушланганини тасдиқлади. Идоранинг таъкидлашича, улар қўлга олинганлар олдида «катта масъулиятни ҳис қилмоқда». Жанубий Корея ҳукумати ўз фуқароларини нишонга олган операциядан «ташвиш ва афсусда» эканини билдирди, деб ёзади нашр. Yonhap агентлигига кўра, қўлга олинган жанубий кореяликларнинг аксарияти АҚШга B1 иш визаси билан ёки ESTA визасиз режимига мувофиқ қисқа муддатли сафар мақсадида келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид