Жаҳон | 22:20 / 09.09.2025
9398
5 дақиқада ўқилади

Уруш янги босқичда. Пекиндаги параддан кейин

Азизлар, бугун Пекиндаги ҳарбий парад Украинадаги урушга қандай таъсир кўрсатгани ҳақида гаплашамиз. Эътибор берган бўлсангиз, ўтган ҳафта Россия тўрт йиллик уруш давомида илк марта Украина ҳукумати биносига ракета учирди. Ва Россия бу ишни Путин Хитойдаги парадга бориб келганидан кейин қилди. Қуйида шу ҳақда.

Вазирлар маҳкамасига зарба

Демак, Россия 7 сентябрга ўтар кечаси Украина бўйлаб ракета ва дронлар ёрдамида аралаш ҳужумни амалга оширди. 12 соат давом этган ҳужум учун руслар 805 та дрон ва 13 та «Искандер-М» баллистик ракетасидан фойдаланди. Дронлардан аксари зарбдор бўлган, шунингдек, ҳаво мудофаа тизимини чалғитиш учун ҳам иммитатор дронлардан фойдаланишди. Яъни қиммат ракета учирилишидан аввал ўша ҳудудга кўп дрон учирилади, ҳарбийлар дрон билан овора бўлиб қолганда, баллистик ракета учади.

Россия ҳозиргача Украинага ҳужум учун бир оқшомда бу қадар кўп дрон учирмаганди. Украинлар 805 та дрондан 747 тасини, 13 ракетадан 4 тасини уриб туширган, лекин нишонга теккан еттита баллистик ракетанинг ўзи жиддий вайронгарчилик учун етарли бўлди. Ахир бу оддий ракета эмас, давлатлар баллистик ракета синов парвози яхши чиқса, байрам қилиб ётибди. Россия эса жонажон қўшнисига кунда-кунора бунақа ракеталардан учириб, шаҳарларини вайрон қилмоқда.

Бу галги ҳужумнинг ўзгача жиҳати шундаки, Россия учирган баллистик ракеталардан бири Украина вазирлар маҳкамаси биносига бориб урилди. Ҳукумат биносининг юқори қавати ва том қисми жиддий зарар кўрди. Украина бош вазири Юлия Свириденко ракета тушган жойдан туриб видео эълон қилди.

Параддан кейин

Россия Украинага бостириб кирганига тўрт йил бўлди. Бу вақт давомида руслар ҳукумат биноларига деярли ҳужум қилгани йўқ. Кўплаб давлат ташкилотлари ракета парчалари, дрон ҳужуми сабаб зарарланди, бир марта Украина разведка биносига ҳужум қилинди, лекин мамлакат сиёсий раҳбарияти иш жойига баллистик ракета билан ҳужум қилиниши — уруш янги босқичга кўтарилди дегани, назаримда.

Бу воқеа Пекиндаги ҳарбий параддан кейин содир бўлгани ҳам бежиз эмас. Путин дўсти Си ўтказган ҳарбий параднинг бош меҳмони бўлгани Россия Хитой томонидан жиддий қўлловга эгалигини билдиради. Катта эҳтимол, параддаги иштироки, ундан олдин Америкага бориб Трамп билан кўришиб келгани Путинга қўшимча ишонч бағишлаган.

Чиндан ўз қўшнисига қарши тўрт йилдан бери урушаётганига қарамай, дунёдаги икки энг қудратли давлатда уни илиқ кутиб олишди, оёқлари остига гилам тўшашди, иззатини жойига қўйишди. Исталган одамда бунақа такаллуфдан кейин демак ҳеч нима бўлмайди деган ишонч пайдо бўлади. Хитой раиси Путин билан учрашувда «Давай, ўртоқ, охиригача бос», дейиши шарт эмас, чинликлар уни ўз ҳарбий парадининг бош меҳмони деб эълон қилганининг ўзи кўп нарсадан дарак беради.

Уруш бошланганидан буён Россиядаги уруш тарафдорлари, телевизордаги пропагандачилар ҳарбий раҳбариятдан «қарор қабул қилинадиган марказларга» (русчада «центрам принятия решений») зарба беришни талаб қилиб келади. Катта эҳтимол, Путин энди Киевдаги мана шундай «қарор қабул қилинадиган марказларга» зарбалар серияси бошланишига ишора қилди. Энди россияликлар орзу қилганидай Банковая кўчасига зарба берилиши ҳам ҳеч гап эмас.

Бу вақтда Украинанинг вазияти оғир. Киев қўли боғланган ҳолда урушишга мажбур. Американинг олисга учадиган ракеталари билан ҳужум қилиш мумкинмас, қирувчи самолётлар ҳужум қилиш учун жуда кам, снаряд етишмовчилиги кучайган, иқтисод кундан кунга оғирлашмоқда. Ва Трамп ҳали яна уч йил президент бўлади. Келаси йилги оралиқ сайловларда кутилмаган сюрприз бўлмаса агар.

Ана шунақа гаплар. Биз урушни диққат билан кузатишда давом этамиз. Муҳим воқеалар ҳақида албатта сизга хабар берамиз. Kun.uzʼдан узоқлашманг. Энг ишончли хабарларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга обуна бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Монтаж устаси — Боймирза Халилов

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид