Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроилнинг Доҳада Ҳамас раҳбариятига зарбаси. Нишонда кимлар бўлган?
Исроил Қатар пойтахти Доҳадаги Ҳамас штаб-квартирасига бир неча бор зарба берди. Операциянинг нишони Ҳамас раҳбарияти вакиллари эди. Гуруҳ Ғазодаги урушни тугатиш бўйича америкаликлар таклиф этган режани муҳокама қилиш учун йиғилганди. Бинога зарба берилганда унда айнан кимлар бор эди?
Ҳамас вакиллари зарба пайтида гуруҳнинг бутун раҳбарияти йиғилишда бўлганини тасдиқлади. Улар ҳаракат етакчилари омон қолганини айтишди.
Исроил нашрларига кўра, зарба оқибатида олти киши, жумладан, Ҳамаснинг Ғазодаги етакчиси Халил ал-Ҳайянинг ўғли Ҳумам ал-Ҳайя ҳалок бўлган.
Душанба куни Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац агар гаровга олинганлар озод этилмаса ва гуруҳ аъзолари қуролларини ташламаса, Ҳамаснинг хорижда яшовчи етакчилари «йўқ қилиниши» ва Ғазо вайрон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Исроилнинг юқори мартабали амалдорининг Исроил оммавий ахборот воситаларига айтишича, Исроил ҳужумининг нишонларидан бири гуруҳнинг бош музокарачиси ва сиёсий бюро раҳбари ўринбосари Халил ал-Ҳайя бўлган.
Ҳамаснинг беш кишидан иборат бошқарув кенгашига Халил ал-Ҳайядан ташқари, гуруҳ сиёсий бюроси раиси вазифасини бажарувчи Холид Машаал, ташкилотнинг Ғарбий соҳилдаги раҳбари Зоҳир Жабарин, Ҳамас Шўроси (кенгаши) раҳбари Муҳаммад Исмоил Дарвеш киради. Йиғилишнинг бешинчи иштирокчисининг исми ҳозирча номаълум. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг барчаси омон қолган.
ЦАҲАЛ нишонидагилар ҳақида нималар маълум?
Халил ал-Ҳайя (2024 йилдан Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари)
Халил ал-Ҳайя ўтган йилда Исмоил Ҳания ва Яҳё Синвар ўлдирилганидан кейин Ҳамас раҳбариятида муҳим фигуралардан бирига айланганди.
У Ҳания Теҳронда Исроил ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлганида ҳам унинг ёнида бўлган.
Сўнгги вақтларда ал-Ҳайя қувғиндаги Ғазо раҳбарияти раҳбари ва Ҳамаснинг бош музокарачиси вазифасини бажариб келган ҳамда халқаро майдонда гуруҳнинг энг нуфузли шахси сифатида кўрилган.
Ал-Ҳайя 1960 йилда Ғазо секторида туғилган. 1980-йиллар бошида у «Мусулмон биродарлар» ташкилоти сафига кирган, кейинроқ, 1987 йилда айнан шу гуруҳдан Ҳамас ажралиб чиқиб, алоҳида ташкилотга айланганди.
Ўша йилиёқ ал-Ҳайя янги ташкилотга аъзо бўлиб киради ва Ҳамаснинг илк кунларидан Ҳания ва Синвар билан бирга бўлади.
Ғазо секторида исроилликлар уни бир неча бор қўлга олишган. 2007 ва 2014 йилларда ал-Ҳайя яшайдиган жойларга (у бир неча бор яшаш жойини ўзгартирган) ЦАҲАЛ томонидан авиазарбалар берилган. Икки ҳолатда ҳам у уйда бўлмаган ва фақат унинг қариндошлари, жумладан, катта ўғли оила аъзолари билан бирга ҳалок бўлган.
У бир неча йил илгари Ғазони тарк этган ва Қатарда жойлашган, аввалига Ҳамаснинг араб ва ислом дунёси билан алоқалари бўйича вакили лавозимини эгаллаган.
2022 йилда у Ҳамаснинг Сурия собиқ президенти Башар Асад билан муносабатларни тиклаш мақсадида Дамашққа юборган делегациясига бошчилик қилган.
Дамашқ билан алоқалар 2012 йилда, Суриядаги фуқаролик уруши авж паллага кирган маҳалда узилганди, ўшанда Ҳамас Асадга қарши қўзғолон кўтарган суннийларни қўллаб-қувватлаган.
Ҳамасда унинг гуруҳнинг Исроил билан бир неча сулҳ тузиш бўйича музокараларида воситачилар орқали фаол иштирок этгани, шунингдек, 2014 йилги можарони тўхтатиш ва Ғазодаги ҳозирги урушга чек қўйишга уринишлардаги асосий роли бир неча бор эътироф этилган.
Исроил эса ал-Ҳайянинг асосий вазифаларидан бири Ҳамас учун қурол-яроғ етказиб бериш ва молиялаштиришнинг муҳим манбайи бўлган Эрон билан яхши алоқаларни сақлаб қолиш ҳисобланишини таъкидлайди.
Бундан ташқари, Исроил унинг 7 октябр кунги ҳужумни режалаштиришда иштирок этганига ишончи комил.
Ал-Ҳайянинг ўзи Ғазодаги урушни бошлаб берган 7 октябр ҳужуми Ҳамаснинг «фаластинлик маҳбусларга алмашиш учун бир неча аскар»ни қўлга олиш бўйича чекланган операцияси сифатида режалаштирилганини айтган.
«Аммо сионистлар армияси бутунлай тўзғиб кетди», – деган у.
Холид Машаал (Ҳамас ҳаракати раҳбари вазифасини бажарувчи)

Холид Машаал – умрининг катта қисмини Фаластин мухторияти чегараларидан ташқарида ўтказганига қарамай, Ҳамасдаги энг таниқли ва катта таъсир доирасига эга фигуралардан бири ҳисобланади.
У 1956 йилда Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида, Рамаллоҳ яқинидаги Силвад қишлоғида дунёга келган. 1967 йилда, Исроил ҳамда араб мамлакатлари коалицияси ўртасидаги Олти кунлик урушдан кейин, унинг оиласи Кувайтга кўчиб ўтган, Машаал мактабни ўша ерда тамомлаган, университетни ҳам шу ерда ўқиб, физика бўйича бакалавр даражасини олган.
1971 йилда, ҳали 15 ёшдалигида, у «Мусулмон биродарлар» ҳаракатига қўшилган, Кувайтда истиқомат қилувчи фаластинликлар жамоалари билан яқинлашган ҳамда университетда эканидаёқ сиёсий фаолият билан шуғулланишни бошлаган.
1987 йилда, Ҳамас тузилганида эса, у ўз ҳаётини гуруҳ билан чамбарчас боғлаб, дарҳол сиёсий бюро таркибидан ўрин олган ва унинг Кувайтдаги бўлимини бошқара бошлаган.
1990 йилда, Кувайт Ироқ томонидан босиб олингандан сўнг, Холид Машаал Иорданияга кўчиб ўтади ва у ерда 1996 йилда Ҳамас сиёсий бюроси раиси бўлади.
Бу лавозимда унинг ўрнини 2017 йилда Исмоил Ҳания эгаллайди, Машаалнинг ўзи эса сиёсий бюро таркибида қолиб, гуруҳда энг юқори даражадаги вакиллик ишини бажарди.
2010-йилларда турли халқаро нашрлар талқинига кўра, Холид Машаал дунёнинг энг нуфузли 50 кишиси қаторига кирган ва ҳатто бир марта 18-ўринни банд этган.
2024 йил октябр ойида, Яҳё Синварнинг ўлимидан сўнг, Ҳамас раҳбариятининг қолган аъзолари уни бир овоздан ҳаракатнинг янги раҳбари сифатида танлайди.
Зоҳир Жабарин, молиявий бюро раҳбари
Зоҳир Жабарин – Ҳамас молиявий бюросининг узоқ йиллик раҳбари бўлиб, ташкилотнинг мураккаб молиявий тармоғи ва инвестиция портфелини бошқаришга масъул бўлган. Айнан у ҳаракат фаолият юритиши ва операцияларни молиялаштириши учун зарур бўлган маблағлар оқимини таъминлади.
1980-йиллар охирида, Ҳамас фаолиятининг дастлабки даврида, Жабарин ташкилотнинг Ғарбий соҳилдаги ҳарбий қаноти асосчиларидан бирига айланади. Бу лавозимда у Биринчи Интифада пайтида, яъни саксонинчи йиллар охири ва тўқсонинчи йиллар бошларида, фаластинликлар 1967 йилги Олти кунлик уруш пайтида исроилликлар томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтариб олишга уринганида, кўплаб исроиллик аскарлар ва полициячилар ўлдирилиши учун жавобгар деб ҳисобланган.
1993 йилда у Исроилда ҳибсга олинган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, аммо 2011 йилда асирларни алмашиш бўйича келишув доирасида озод қилинган: ўшанда Исроил ўзининг биргина аскари Гилад Шалит учун 1027 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилган, улардан 400 дан ортиғи Исроил суди томонидан терроризмда айбланиб судланганлар эди. Озодликка чиққандан сўнг, Жабарин мамлакатни тарк этиб, Истанбулга жойлашади ва у ерда Молия бюроси, шунингдек, Шаҳидлар, ярадорлар ва маҳбуслар бўйича офисга раҳбарлик қилади.
Унинг даврида Ҳамаснинг бюджети юзлаб миллион долларгача бойиди. Молиялаштириш кўчмас мулкка, фонд бозорига инвестицияларни, шунингдек, хусусий хайрия ва тўловларни ўз ичига олган. NBC News маълумотларига кўра, 2024 йилга келиб, Ҳамаснинг инвестициялари ярим миллиард доллардан ортиқ баҳоланган. Бундан ташқари, АҚШ Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) маълумотларига кўра, Жабарин Эрондан молиялаштириш ҳажмини оширишга ҳисса қўшган.
2024 йил бошида Солиҳ ал-Арурий ҳалок бўлганидан кейин Жабарин янги ваколатларга эга бўлади ҳамда Ҳамаснинг Ғарбий соҳилдаги фаолиятига раҳбарлик қила бошлайди. Бундан ташқари, Шаҳидлар, ярадорлар ва маҳбуслар бўйича офис раҳбари сифатида Жабарин Исроил билан гаровдагилар масаласида олиб борилаётган музокараларда ҳам муҳим рол ўйнаган.
Муҳаммад Исмоил Дарвеш, Мажлис аш-Шўро ҳайъати раиси
Дарвеш Ҳамаснинг олий бошқарув органи бўлган Мажлис аш-Шўро кенгашига раҳбарлик қилади, у Умумий маслаҳат кенгаши деб ҳам аталади. Мажлис аш-Шўро аъзолари маҳаллий кенгашлардан сайланади, унинг ўзи эса асосий қарорларни қабул қиладиган Ҳамас Сиёсий бюроси аъзоларини сайлайди.
Дарвеш асли ливанлик. У кўп йиллар давомида ташкилот иқтисодиёти, жумладан, Эрондан Ҳамасга маблағ ўтказиш, шунингдек, халқаро инвестициялар билан шуғулланган. У кенгаш раҳбарлигига икки йил аввал, 2023 йил 16 октябрда Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган Усама Мазини ўрнига келган.
У оммавий ахборот воситаларида тез-тез кўзга ташланмайди ва у ҳақида кўп нарса маълум эмас. Ҳамас делегацияси раҳбари сифатида у Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ва оятуллоҳ Хоминаий билан учрашган. 2025 йил январ ойида у Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Анқарада делегация раҳбари сифатида учрашган. 2025 йил апрел ойида эса Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан билан учрашув ўтказган.