Жаҳон | 16:45 / 11.09.2025
8667
5 дақиқада ўқилади

Илк тўқнашув. НАТО самолётлари Россия дронларини уриб туширди

Кўзингиз тушган бўлса керак, Россия дронлари Полша ҳаво ҳудудига кириб боргани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунақаси аввал ҳам бўлган, лекин ўшанда дронлар Полша ҳудуди орқали Украина шаҳарларига ўтиб, кейин портлаганди. Бу гал рус дронлари Полшадаги стратегик объектларни, хусусан, Жешув аэропортини нишонга олиб учгани айтилмоқда. Поляклар хавотирда. Қуйида шу ҳақда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Полша бош вазири Доналд Тускнинг айтишича, тун давомида мамлакат ҳаво ҳудудига камида 19 та дрон учиб кирган. Уларнинг аксари Беларус ҳудудидан Полшага учиб борган. Полшалик ҳарбийлар дронларни уриб туширган. Бу учун қирувчи самолётлар осмонга кўтарилган. Бу НAТО давлатининг Россия қуролини уриб тушириши билан боғлиқ илк ҳолат бўлди.

Полша бош вазири ҳолатни катта провокация деб атади. Шундай бўлса-да, НAТО ва Полша буни Россиянинг алянсга аъзо давлатга ҳужуми деб баҳоламаган. Россия томони ҳолатга расман изоҳ бермади, лекин баъзи дипломатлар дронлар Россияники эканига ҳеч қандай исбот йўқлигини айтиб чиқди. Беларус мудофаа вазирлиги гўёки «осмонда адашиб қолган» бир нечта дронларни уриб туширгани, Полша ва Литвани ҳам номаълум учувчи жисмлар яқинлашиб бораётганидан огоҳлантиргани ҳақида баёнот берди.

Кейинроқ маълум бўлишича, Полшада битта ракета парчалари ҳам топилган. Дрон қолдиқларидан бири Украина–Беларус чегараси яқинидаги шахсий уйга бориб теккан. Баъзи нашрларга кўра, зарбдор дронлар қаторида иммитацион дронлар ҳам учирилган. Россия Украинага ҳужумларида оддий пластикдан ясалган ҳеч қандай бомба жойланмаган бунақа дронлардан ҳаво мудофаасини чалғитиш учун фойдаланиб келади.

Украинлар қандай фикрда?

Полша осмонидаги дронлар Украина каналларида қандай ёритилганини обдон кузатдим. Уларнинг аксарида украинлар Полша осмонига дронлар учиб кирганини кулиб қарши олган. Йўқ, хурсандчилик билан эмас, айнан кулиб. Яъни бизга тўрт йилдан бери кунига юзлаб дрон, тонналаб бомба ташлашади, сиз 3-4 та пластик дрон учиб кирганига шунча ваҳима қиляпсизларми, деган маънода. Украин каналларида айниқса бу дронларни уриш учун бутун бошли F-35 қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилгани сарказм билан қарши олинди. Турли мэмлар пайдо бўлди.

Шунингдек, украинлар Полша НAТО фавқулодда йиғилиши чақирганини ҳам табассум билан қаршилади. Чунки НAТО қайсидир аъзо давлатга ҳужум бўлса, баёнот беришдан нарига ўтмаслиги, афсонавий 5-модда шунчаки расмиятчилик эканини улар жуда яхши билишади.

Нега ҳозир?

Путин Хитойдаги парадга бориб келганидан кейин руслар илк марта Украина ҳукумати биносига зарба йўллагани ҳақида гапиргандик. Aфтидан, Владимир Владимирович Ғарбнинг қизил чизиқларини бирма-бир текшириб чиқаётган кўринади: «Қани, Украина ҳукумат биносига урсак нима бўларкин», «Қани-қани, энди НAТО давлатига дрон учириб кўрайлик-чи».

Ва ҳеч нарса бўлгани йўқ, осмон жойида, давлатлар «қаттиқ хавотир билдиришдан» нарига ўтмади. Сиз ҳақсиз, товариш Путин, ҳеч нарса бўлмайди ҳам. Чунки давлатлар бу урушни жиддий қабул қилгани йўқ. Бу фақат Украинанинг уруши деб ўйлашмоқда. Бу шунчаки икки қўшнининг ер талашиши, мистер Трамп таъбири билан айтганда, болалар майдончасида икки инжиқ боланинг ўйинчоқ талашиши, деб ўйлашяпти.

Бунақа эмас, жаноблар. Бу жуда ёмон уруш. Кўриб турганингиздек, ракеталар ҳимоясиз Украина осмонидан ўтиб, сизнинг мусаффо осмонингизга кириб борди. Ҳа, жаноблар, бир тунда 19 та дрон учиб кирдими, сизнинг осмонингиз энди мусаффо ҳам эмас. Ремаркнинг ўлмас асарини бироз ўзгартириб айтадиган бўлсак, ғарбий фронтда ўзгариш бор, жиддий ўзгариш. Жаноблар, охирги марта Полша осмонига ракеталар учиб кирганидан кейин нималар бўлганини унутмаган бўлсангиз керак?

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид