Жаҳон | 11:07 / 12.09.2025
4425
3 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Бразилия собиқ президенти Жаир Болсонаро 27 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Болсонаро 2022 йилги сайловда мағлуб бўлгач ҳокимиятда қолиш учун давлат тўнтариши уюштиришда айбдор деб топилган. У мамлакат тарихида демократияга ҳужум қилгани учун судланган илк собиқ президентга айлантирди. Суд қароридан жаҳли чиққан Доналд Трамп ишни «овчилик» деб атади.

Фото: Reuters

11 сентябрь куни Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонаро 27 йил 3 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бразилия Олий судининг беш нафар судьясидан иборат ҳайъати 70 ёшли Болсонарони айбдор деб топиб, жазога ҳам бир овоздан келишиб олди. Reutersʼнинг ёзишича, бу уни мамлакат тарихида демократияга ҳужум қилгани учун судланган илк собиқ президентга айлантирди.

«Бу жиноят иши деярли Бразилиянинг ўтмиши, бугуни ва келажаги учрашуви,» деди судья Кармен Лусия, мамлакат тарихидаги ҳарбий тўнтаришлар ва демократияни ағдаришга бўлган уринишларга ишора қилиб. Болсонаро 2022 йилги сайловда мағлуб бўлгач ҳокимиятда қолиш учун давлат тўнтариши уюштиришда айбдор деб топилган.

Беш судьядан тўрт нафари собиқ президентни қуролланган жиноий ташкилотда иштирок этиш, демократияни зўравонлик билан бекор қилишга уриниш, давлат тўнтаришини уюштириш, давлат мулки ва маданий мерос объектларига зарар етказишда айбдор деб топди.

Фото: Reuters

Бу қарор Болсонаро билан яқин иттифоқчи бўлган АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам жаҳлини чиқарди. Трамп ишни «овчилик» деб атаб, Бразилияга тарифларни ошириш, ҳукм чиқарган судьяга қарши санкциялар жорий қилиш ва Олий суд судьяларининг аксариятига визаларни бекор қилиш билан жавоб қайтарди. Пайшанба куни ҳукм ҳақида сўралганда, Трамп ҳукмни «даҳшатли нарса» деб атади ва «бу Бразилия учун жуда ёмон» дея қўшимча қилди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ижтимоий тармоқда суд қарорини «адолатдан йироқ» деб атади ва «АҚШ бунга мос равишда жавоб қайтаради» деди. Бразилия Ташқи ишлар вазирлиги эса Рубио баёнотини «Бразилия суверенитетига ҳужум» деб баҳолади ва далиллар аниқ эканини таъкидлади.

ТИВ Бразилия демократияси АҚШ томонидан қўрқитилмаслигини билдирди. Шунингдек, амалдаги президент Лула да Силва Болсонаро ҳукми тасдиқланишидан бир неча соат олдин маҳаллий телеканалга берган интервьюсида «янги санкциялардан қўрқмаслигини» айтди.

Жаир Болсонаро 2019-2023- йилларда Бразилия президенти бўлган. У ваксиналар ва пандемия чораларига шубҳа билан қараган, Amazon ўрмонларида ноқонуний қазишмалар ва чорвачиликни рағбатлантиргани билан танилган. Сиёсий услуби Трампникига ўхшаш бўлиб, Бразилияда «ўнг популизм»нинг асосий рамзига айланди.

У 2022 йилги сайловда Лула да Силвага ютқазди, 2023 йилда овоз бериш тизими ҳақида асоссиз даъволари туфайли, сайлов судлари уни 2030 йилгача сиёсий лавозимларга номзод бўлишдан маҳрум қилди.

Reutersʼнинг қўшимча қилишича, ҳукм якдил бўлмаган. Суд Болсонаронинг етти нафар иттифоқчисини, жумладан беш нафар ҳарбий офицерни ҳам айбдор деб топди. Болсонарони ҳимоя қилувчи адвокатлар ҳукмни «ҳаддан ташқари оғир» деб атаб, апелляция киритишини билдирди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид