Бизнес | 14:31 / 12.09.2025
1594
2 дақиқада ўқилади

Hyundai’нинг Америкадаги заводи очилиши рейдни деб 2 ойга кечикадиган бўлди  

АҚШ ўтказган рейд сабаб қўлга олинган 300 кореяликлар давлатдан чиқариб юбориларкан, Hyundai янги заводи очилишини кечиктиришга мажбур бўлди. Жанубий Корея президенти ва сиёсий доиралар рейддан кейин хушёр тортди, президент Ли Чже Мёнгга кўра, энди корейс компаниялари АҚШга инвестиция киритишга иккиланади.  

Фото: Fox News

Компания маълумотларига кўра, АҚШдаги Hyundai заводида оммавий иммиграция рейди унинг очилишини камида икки ойга кечиктирди.  Рейдда ҳибсга олинганларнинг сони бир неча юзлаб экани АҚШ ва Корея ўртасида зиддият ҳам келтириб чиқарди. Жумладан, президент Ли Же Мёнг бундан буёғига катта корейс компаниялари АҚШга инвестиция киритишдан аввал ўйлаб кўришларидан огоҳлантирди.  

Сеулдаги расмийларга кўра, кўплаб ишчилар АҚШга заводни ишга туширишга ёрдам бериш учун вақтинча юборилган эди. Жоржия штатидаги ушбу рейддан қўлга олинган 475 кишидан 300 таси Корея фуқароларидир.  

АҚШ иммиграция хизмати ходимларининг айтишича, бу одамларга АҚШда ишлашга рухсат берилмаган, корейслар эса Корея фирмалари хориждаги фабрикалар қуришда ёрдам бериш учун ишчиларини юбориш одатий ҳол эканини айтмоқда.

Hyundai раҳбарияти эса ишчилар ўрнини қандай тўлдириш ҳақида бош қотирмоқда. BBC’нинг ёзишича, қўлга олинганлар расман ушбу компанияда ишламаган.

Пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жанубий Корея президенти агар бундай тартибларга энди рухсат берилмаса, бу АҚШда заводлар қуришни "қийинроқ қилишини, компанияларда умуман арзийдими ёки йўқми деган савол туғдиришини айтди.  

Вазият АҚШ ва Жанубий Корея жорий йил бошида келишиб олган савдо битимининг ҳаётийлиги ҳақида ҳам саволларни туғдирмоқда, бунда Президент Доналд Трамп миллиардлаб доллар сармоя ваъдалари эвазига ўзининг энг кескин тариф таҳдидларидан воз кечишга рози бўлганди. Биргина Hyundai 26 миллиард доллар ваъда қилганди. 

Эслатиб ўтамиз, ҳибсга олинган Корея фуқаролари масаласини ҳал қилиш учун дипломатлар Сеулдан етиб борган ва барча фуқаролар жума кунги рейс билан уйига қайтарилган.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид