Молия | 19:30 / 15.09.2025
4529
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Хитой тарифлар ҳамда TikTok бўйича музокаралар ўтказяпти

Мадридда АҚШ ва Хитой расмийлари бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказяпти. Музокаралардан энг кутилаётган натижа — TikTok’нинг хитойлик эгаси Byte Dance’га 17 сентябргача АҚШдаги активларини сотиш муддати яна узайтирилиши. Акс ҳолда илова Қўшма Штатларда блокланади.

Фото: REUTERS

14 сентябр куни АҚШ ва Хитой расмийлари тарифлар ва ТikТоk бўйича музокаралар ўтказди, дея хабар берди The New York Times.

Учрашув Мадридда бўлиб ўтган. Унда АҚШ номидан молия вазири Скот Бессент ва савдо вакили Жеймисон Греэр, Хитой номидан эса иқтисодий сиёсат бўйича вице-премер Ҳе Лифенг ҳамда мамлакат бош савдо музокарачиси Ли Ченгганг иштирок этган.

Трамп жорий қилган тарифлари ортидан АҚШда инфляция кучайди. ФЗТ жорий ҳафта фоиз ставкаларини пасайтириши кутилмоқда — бу ўсишни рағбатлантириш учун қилинган қадам бўлса-да, инфляцияни ҳам ошириши мумкин. Савдо уруши фонида АҚШ Савдо вазирлиги Хитойнинг чип ишлаб чиқарувчи компанияларини қора рўйхатга киритган. Бессент Пекиннинг ортиқча саноат қувватини танқид қилиб, унинг иқтисодиётини мувозанатсиз деб атаган ва Хитойни Россия ҳамда Эрондан нефт харидларини қисқартиришга чақирган. АҚШ ишлаб чиқарувчилари учун зарур бўлган нодир металлар ва магнитлар экспортига Хитойнинг чекловлари ҳам муҳокама марказида турибди. Шунингдек, Трамп маъмуриятини Хитойнинг АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишни тўхтатгани хавотирга солмоқда, бу соя етиштирувчи фермерлар тирикчилигига жиддий таҳдид ҳисобланади.

Трамп апрел ойида Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга 145 фоизлик тариф жорий қилди. Кейинчалик бу ставкани 30 фоизга пасайтирди. Хитой эса АҚШ маҳсулотларига 10 фоизлик бож киритди.

Пекиннинг Америкага экспорти кескин камайган бўлса-да, бошқа мамлакатлар билан савдони ошириш орқали йўқотишларни қоплаяпти. Йил якунида Хитойнинг АҚШга экспорти қарийб 15 фоизга пасайиши кутиляпти, ўз навбатида Жануби-Шарқий Осиё, Африка ва бошқа минтақаларга савдоси кескин ўсяпти.

Музокаралардан энг кутилаётган натижа — TikTok’нинг хитойлик эгаси Byte Dance’га 17 сентябргача АҚШдаги активларини сотиш муддати яна узайтирилиши. Акс ҳолда, илова Қўшма Штатларда блокланади.

Таҳлилчиларга кўра, асосий «натижалар» йил охирида бўладиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммитида Трамп ва Си ўртасидаги учрашувга қолдирилиши мумкин.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид