Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон - Покистон сайёҳлик операторлари тармоғи ташкил этилади
Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси ҳамкорлигида "Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ўзаро туризмни ривожлантириш йўлида B2B алоқаларини чуқурлаштириш" мавзусида илк виртуал туризм-форуми ўтказилди.
Форумни Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбари Афтаб ур Реҳман Рана очиб берди. У ўз нутқида мамлакатлар ўртасида туризм соҳасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилаётганини қайд этди. Афтаб ур Реҳман Рана Uzbekistan Airways томонидан Исломобод ва Лаҳор шаҳарларига йўлга қўйилган тўғридан тўғри авиақатновлар икки томонлама ҳамкорликка кенг йўл очганини таъкидлаб, хусусий сектор вакилларини мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга чақирди.
Покистон бош вазирининг туризм бўйича координатори Сардар Ясир Иляс Хан тарихий ва маданий муштараклик барча йўналишларда халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилаётганини айтиб ўтди. У яқинда Исломободда муваффақиятли ўтказилган "роуд-шоу" тадбирини ёдга олиб, жорий йил ноябр ойида Тошкентда ташкил этиладиган "Ипак йўлида туризм" халқаро ярмаркасида Покистондан нуфузли делегация иштирок этишини маълум қилди. Мулозим, шунингдек, Ўзбекистон туризм қўмитаси ва соҳавий компанияларини Исломободда ўтказилиши режалаштирилган туризм ва инвестиция кўргазмасида иштирок этишга таклиф этди.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ўз навбатида, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, виза режимининг енгиллаштирилиши ва авиақатновлар географиясининг кенгайиши икки давлат туризм соҳасидаги ҳамкорлигига қўшимча туртки бўлаётганини таъкидлади. У Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларда зиёрат туризми йўналишида қўшма дастурларни ишлаб чиқиш зарурлигини билдирди.
Покистон элчиси Аҳмед Фаруқ эса туризм икки халқни янада яқинлаштирадиган муҳим восита эканига урғу бериб, хусусий туристик компанияларнинг янги лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштироки ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожида ҳал қилувчи омил бўлишини қайд этди.
Туризм қўмитаси раиси маслаҳатчиси Феруз Додиев Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, хорижий сайёҳлар учун яратилаётган қулайликлар ва инвесторларга тақдим этилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берди. У 2024 йилда мамлакатимизга 10 миллиондан зиёд хорижий турист ташриф буюргани Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги нуфузи ошиб бораётганини кўрсатишини таъкидлади.
Форум доирасида икки мамлакат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди, туристик компаниялар ўзаро ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди. Учрашув якунида "Ўзбекистон–Покистон сайёҳлик операторлари тармоғи"ни ташкил этишга ва қатор қўшма онлайн учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.
Мавзуга оид
09:05
Покистон: АҚШ ва Эрон келишув матни бўйича келишиб олди
11:00 / 12.06.2026
Ўзбекистонда ҳар йили “Очиқ туризм мавсуми” дастури ўтказилади
17:54 / 10.06.2026
Покистон Афғонистон бўйлаб ҳаво зарбалари берди: 26 киши ҳалок бўлган
18:31 / 09.06.2026