Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Украинага қарши урушда ғалаба қозонмаяпти – Келлог
АҚШ президентининг махсус вакили Кит Келлог Россия қўшинларининг Донбассда олдинга силжиётгани ҳақидаги хабарларни «бемаънилик» деб атади.
Фото: Reuters
Россия Украинага қарши урушда ғалаба қозонмаяпти, деди АҚШ президентининг махсус вакили Кит Келлог Киевга ташрифи чоғида.
«Агар Путин ғалаба қозонганида, аллақачон Одессада бўларди. Агар у ғалаба қозонганида, Днепрнинг ғарбида бўларди. Агар у ғалаба қозонганида, ҳукуматни алмаштирган бўларди. Аслида Россия бу урушда ютқазмоқда», деди Келлог.
Шунингдек, у Россия қўшинларининг Донбассда олдинга силжиётгани ҳақидаги хабарларни «бемаънилик» деб атади.
«Агар миляга эмас, метрга силжишни олдинга силжиш деб ҳисобласак, ҳа, бу муваффақият. Аммо улар тўлаётган нарх жуда катта», деб тушунтирди Келлог.
Шунингдек, у яқинда Оқ уйда Россия армиясининг аҳволини муҳокама қилганини айтди.
«Гап гўёки Россия армиясининг қудрати ҳақида кетди, баъзилар уни жуда кучли деди. Шунда мен хонадагиларга: «Биз уларнинг адабини берган бўлардик», дедим. Ва мен қуйидагиларни назарда тутган эдим: уларнинг даъволарини ҳақиқат сифатида қабул қилмаслик керак. Улар Путин айтганчалик кучли эмас», деди Келлог.
Унинг сўзларига кўра, Украинадаги можаро танклар ва артиллерия қарама-қаршилигидан жанг майдонида ҳукмронлик қилаётган ва уруш иқтисодиётини ўзгартирган дронлар жангига айланган.
«Россия энди аввалгидек эмас. Европаликлар ҳозир кучайиб бормоқда ва мен Путиннинг ўрнида бўлганимда, ўзимнинг ядро қуролим ҳақида эслатаверишни тўхтатган бўлардим, чунки у АҚШ уёқда турсин, Британия ва Францияда ҳам бор», деди Келлог.