Ўзбекистон | 13:39 / 15.09.2025
6063
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Бўстонлиқ туманига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 сентябр куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, “Ренессанс” болалар соғломлаштириш оромгоҳида яратилган шароитлар билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мазкур “Ренессанс” оромгоҳида ёшлар йил давомида 3 ҳафталик интенсив ўқув курсларда ўқитилади. Яхши натижа кўрсатган 40 нафари “Печак лигаси” университетларига тажриба алмашиш учун юборилади.

Оромгоҳ 500 га яқин ўқувчини қабул қилиш қувватига эга. Маъмурият, ўқув бинолари ва ётоқхонада замонавий шароитлар яратилган. Меҳмонхона, ошхона ҳамда автотураргоҳлар ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик саналади.

Ёзда ўтказилган семинарларда фан олимпиадалари ғолиблари, хорижий тил сертификатига эга ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари иштирок этди. 

Президент оромгоҳ хоналаридаги шароитларни, ёшларнинг ихтироларини кўздан кечирди.  

STEAM хоналари, самолёт бошқаруви симулятори, табиий фанлар лабораториялари болаларнинг қизиқишларини амалий кўникмаларга айлантиради. Улар кутубхонада билимини, спорт майдончаларида саломатлигини мустаҳкамлайди. Санъат бурчагида санъат, адабиёт йўналишидаги машғулотлар қўллаб-қувватланади. 

Давлат раҳбари Янги Ўзбекистон университети раҳбарияти ва битирувчилари билан ҳам мулоқот қилди.

– Ўзбекистон ёшларининг салоҳияти, ғайрат-шижоати, интилиши кучли. Биз давлат бўлиб, миллат бўлиб, сифатли таълимни таъминласак, фарзандларимизга ҳеч ким бас келолмайди, улар ҳамма соҳада етакчи бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда Ал-Хоразмий университети кампуси лойиҳаси тақдимот қилинди. Бу ташаббус замирида ҳам ёшларнинг билимли бўлиши, иқтидори ривожланиши учун шароит яратиш мақсад қилинган. Лойиҳани самарали амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид