Иқтисодиёт | 08:06 / 15.09.2025
2696
2 дақиқада ўқилади

"Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темирйўли қурилиши 2030 йилгача якунланади

Уммоннинг Asdaa Oman газетасида "Ўзбекистон – Хитой темирйўл ҳамкорлиги: транзит, савдо ва янги логистика имкониятлари" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Фото: Виталий Тимкив / ТАСС

Мақолада Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар асрлар давомида шаклланган тарихий алоқаларга таянганлиги ва бугунги кунда бу ҳамкорлик "Бир макон – бир йўл" ташаббуси доирасида янги босқичга кўтарилаётганлиги ҳақида cўз юритилади. Жумладан, 2024 йил 27 декабрда бошланган "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темирйўли 2030 йилгача якунланиши режалаштирилганлиги таъкидланган.

"Ушбу темирйўл орқали йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имконияти яратилади. Бу нафақат юк етказиб бериш вақтини, балки транспорт харажатларини ҳам қисқартиради. Темирйўл қурилиши доирасида 20 та станция, 42 та кўприк ва 25 та туннел қурилади. Йўналиш Қашғар, Торугарт, Макамал, Жалолобод ва Андижон шаҳарларидан ўтади", – деб ёзилган мақолада.

Бундан ташқари, нашрда Ўзбекистон ва Хитойда янги логистика марказлари – жумладан, Ланчжоу шаҳрида юк йиғиш нуқтаси ҳамда Лянюнганг порт шаҳридан фойдаланган ҳолда логистика хаблари ташкил этилиши маълум қилинган.

"Лойиҳа Ўзбекистоннинг геоиқтисодий мавқеини мустаҳкамлаб, мамлакатни минтақавий логистика марказига айлантиришга хизмат қилиши билан бир қаторда, халқаро савдо ва транзит имкониятларини кенгайтиради ва бутун минтақа ривожига улкан ҳисса қўшади", – деб ёзган муаллиф.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид