Жамият | 17:11 / 16.09.2025
10471
2 дақиқада ўқилади

Владивостокда ўзбекистонликлар калтаклангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Владивостокда ўзбекистонлик мигрантларга ҳужум қилган 15 ёшли ўсмирлар ва уларнинг шерикларига жиноят иши қўзғатилди. Улардан бири қўлга олинган, қолганлари қидирилмоқда, айбдорларга 7 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Фото: Видеодан кадр

Россиянинг Приморе ўлкаси Тергов қўмитаси Владивостокда Ўзбекистон фуқаролари калтаклангани ва ҳақорат қилингани юзасидан жиноий иш қўзғатди.

Россия Тергов қўмитасининг Приморе ўлкаси бўйича бошқармаси матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, 2025 йил 10 сентябрга ўтар кечаси Владивосток шаҳри Хабаровск кўчасида безорилик ҳаракатлари содир этишда гумон қилинаётган 15 ёшли ўсмирлар ва бошқа иштирокчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 213-моддаси (Безорилик) 2-қисми билан иш очилган.

Тергов версиясига кўра, ўсмирлар ўша куни маст ҳолатда бўлган ва ҳеч қандай сабабсиз тўхтаб турган автомобилга шикаст етказган, шунингдек, салон ичига аэрозол сепган.

Шундан сўнг фигурантлар юк машинаси ҳайдовчисига ҳужум қилган. Бундан ташқари, гумонланувчилар Хабаровск кўчасидаги дўконга бостириб кириб, харидорлар ва сотувчи кўз ўнгида бир эркакка ҳужум уюштирган.

Кейинчалик айбланувчилар такси ҳайдовчиси ва салонда бўлган йўловчига ҳам ҳужум қилган. Бундан ташқари, вояга етмаган ушбу шахслар кўчада баланд овозда бақириб, қурол сифатида тош ва бошқа воситалардан фойдаланиб, жамоат тартибини қўпол равишда бузган.

Ҳозирда гумонланувчиларнинг шахси аниқланган, улардан бири қўлга олинган, икки нафари қидирилмоқда.

«Гумонланувчилар салбий тавсифланган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушиб улгурганди. Улардан бири „Надежда“ дўконидаги безорилик бўйича жиноий ишда айбланмоқда. Жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда», – деб қўшимча қилди қўмита.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси бир гуруҳ ёшларнинг ўзбекистонликларга ҳужуми муносабати билан Россия ТИВ ва прокуратурасига ноталар юборгани хабар қилинганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид