Спорт | 16:02 / 16.09.2025
8576
13 дақиқада ўқилади

ЕЧЛнинг янги мавсуми бошланмоқда. 1-тур интригалари

«Ливерпул» илк турдаёқ кучли рақибга тўқнаш келади, де Брюйне собиқ жамоасига қарши, Мюнхенда 2012 йилги финал ремикси, «Барселона»ни эса Англияга қийин сафар кутмоқда.

Фото: УЕФА

Бугундан клублар футболида Европанинг энг катта турнирига старт берилади. Иккинчи йилдирки, янги форматда ўтадиган мусобақанинг мухлислар учун аввалгиларига қараганда яхши томонлари кўп. Биринчидан, формат ва тақвимдан келиб чиқиб, деярли ҳар турда биз топ-даражадаги рақиблар тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Иккинчидан, ўйинлар энди уч кун давом этади ва ҳар куни икки вақт слотига эга. Яъни бемалол ҳар турда 6 учрашувни тўғридан тўғри кўриш имконияти бўлади. Қуйида 1-турнинг асосий интригалари ҳақида.

 

Микел Артета яна Басконияда

 

Микел Артета Басконияда, Сан Себастянда туғилган. Дўсти Ҳаби Алонсо билан биргаликда «Реал Сосиедад» клубининг асосий таркибида тўп суришни орзу қилишган. Дўстидан фарқли равишда, Микелнинг ниҳоят «Сосиедад»да ўйнаши бироз айланма йўл – «Барселона», «ПСЖ», «Рейнжерс» орқали содир бўлганди. Артета севимли жамоасида узоқ қолмайди – бир мавсум ҳам тўлиқ ўйнамаган футболчи тақдирига аввал «Эвертон», кейин «Арсенал» ёзилган экан.

 

Бугун Микел Артета энди мураббий сифатида Басконияга қайтмоқда. Ҳа, «Сосиедад» эмас, «Атлетик», лекин басклар ўз фарзандларига қандай муносабатда бўлишини жуда яхши биламиз. Ўтган мавсумда Испаниянинг тўртинчи жамоаси сифатида мустаҳкам ўрнашиб, янги мавсумни ҳам шу мақомда давом эттираётган «Атлетик» учун ҳам «Арсенал» рақиб сифатида жуда аҳамиятли синов. Ахир клуб 11 йиллик танаффусдан сўнг илк бор Чемпионлар Лигасида иштирок этяпти.

 

Яна бир муҳим жиҳати, бу ўйинни томоша қилиш учун бир нечта қизиқ ўйинлар ичида танлов қилиш шарт эмас. Учрашув умумий слотдан икки соат аввал, Тошкент вақти билан соат 21:45 да бошланади.

 

Алонсо – де Дзерби дуэли

 

Роберто де Дзерби «Брайтон»да шу қадар муваффақиятли ишлаганки, ҳатто Пеп Гвардиола футбол эталони сифатида айнан шу жамоани кўрсатган эди. Италиялик мутахассис бирор топ-клубни бошқариши айтилар, номзодлар қаторида «Реал» ҳам тилга олинарди. Аммо унинг «Брайтон»ни тарк этиши бироз нотўғри вақтга тўғри келди – «Ливерпул» Слот билан, «Барселона» Флик билан келишиб бўлган, «МЮ» Эрик тен Ҳагга яна бир бор имконият беришга қарор қилган, «Реал» эса Анчелотти билан шартномасини узайтирганди. Натижада де Дзерби «Марсел» вариантига кўнишга мажбур бўлди.

Мураббий Англиядан кетгач, эътибордан четда қолган бўлса-да, унга баҳо беришда Франциядаги фаолияти кўпроқ аҳамият касб этади, зеро мамлакатнинг кучли жамоаларидан бири, деярли барча рақибларга қарши биринчи рақамда тўп суриши талаб этилади – де Дзербини бирор топ-клубда тасаввур қилиб, қандай футбол кўрсатишини тахмин қилиш учун айни муддао. Де Дзербининг илк мавсумида «Марсел» 2-ўринни олди, буни «ПСЖ» ва бошқалар чемпионати ҳисобланадиган Франциядаги энг юқори ўрин деса ҳам бўлади. Жамоа жорий мавсум стартида «Лион»дан мағлубиятга учраган бўлса-да, қолган икки ўйинни йирик ҳисобда ўз фойдасига ҳал қилди. «ПСЖ» бор лигада кўпгина ҳужум кўрсаткичлари бўйича ҳам, тўп назорати бўйича ҳам етакчилик қилмоқда.

 

Хуллас, де Дзербини яна катта Европада, айниқса «Реал»га қарши кўриш анча қизиқ бўлади. Ўтган мавсумда «Реал» айнан мураббийлик жамоаларига қарши муаммоларга дуч келган, анча ноқулай бўлган. Лекин янги мавсумдан «Реал»да ҳам бошқа бир тизимли мураббий Ҳаби Алонсо иш бошлаган. У ҳам фақат ғалаба қозониш эмас, жамоасининг мукаммал ўйнашини истайдиган мутахассислардан бири. Чемпионлар Лигаси 1-турида Алонсо – де Дзерби қарама қаршилигини кўриш жуда қизиқ бўлади.

 

Футбол ўйинми ёки жанг?

 

«Нюкасл» Англияда энг «брутал» футбол кўрсатадиган жамоалардан бири. Рақибга босим қилиш, подкатлар, жисмоний курашлар «Сент Жеймс»да шу қадар қадрланадики, мухлислар ҳар бир шундай ҳаракатни худди гол каби нишонлашга тайёр туради. Икки йил олдин «Нюкасл»нинг «ПСЖ»га қарши ўйини турнирнинг энг эсда қоларди баҳсларидан бири бўлганди.

«Барселона» эса аксинча. Таркибнинг аксарият қисми мактаб болаларини эслатиб юборади. «Нюкасл»га қарши ўйин гўёки бирор мактабда пайдо бўлиб қолган истеъдодли синфнинг юқори синф ўқувчиларига қарши тўқнашувини эслатиб юборса ажаб эмас. Тўғри, Испанияда ҳам ўзининг қўполлиги билан танилган «Хетафе» каби жамоалар бор, аммо «Нюкасл» фарқли равишда, қоида бузишлар орқали эмас, рухсат берилган чегара доирасида рақиб футболчиларига босим қилишни жуда яхши ўзлаштирган. Бундан ташқари, «Нюкасл» таркиби ижро маҳорати бўйича Испания ўртамиёналаридан анча юқори эканини ҳам таъкидлаш керак.

«Барселона»нинг ёш футболчилари мана шу синовдан қандай ўтишади? Кураш ва босимга қарши ўз чиройли футболи билан жавоб бера оладими? Ўзи умуман футболда нима муҳим – яхши ўйнашми ё қаттиқ курашиш? Бу учрашув мана шундай саволларга жавоб излайди.

 

Қўшниларнинг энг узоқ сафари

 

«Қайрат»нинг ўз тарихида илк бор Чемпионлар Лигасига чиқиши қандай қаҳрамонликлар эвазига содир бўлгани ҳали эсдан чиққани йўқ. Жамоа Қозоғистоннинг «Астана»дан кейин ушбу турнир гуруҳ босқичига чиққан иккинчи жамоасига айланганди. Дастлабки ўйин эса Португалияда, мамлакат чемпиони «Спортинг»га қарши бўлиб ўтади. Лекин «Селтик»ка қарши ўйиндан кейинги пеналтилар сериясида 3 та сейв амалга ошириб, «Қайрат»ни ЕЧЛ асосий босқичига олиб чиққан дарвозабон Темирлан Анарбеков бу ўйинда жароҳат туфайли қатнаша олмайди.

 

Қозоғистонликлар Лиссабондаги учрашувга бориш учун салкам 7 минг км масофани босиб ўтишига тўғри келар экан. Бу Чемпионлар Лигаси тарихидаги энг узоқ масофа сифатида қайд этилади.

 

Де Брюйненинг «Этиҳад»га қайтиши

 

Манчестер дербисидаги чиройли ғалабадан сўнг Пеп Гвардиола шогирдлари Италия чемпионига қарши сафланади. «Этиҳад» навбатдаги рақиб жамоадан кўра, Кевин де Брюйненинг қайтишига алоҳида тайёргарлик кўраётган бўлса ажаб эмас.

Кевин де Брюйне «Манчестер Сити»нинг узоқ йиллик етакчиси, унинг жамоа муваффақиятларидаги роли фақат мураббийдан кейинги ўринда турса керак. Жамоа сафида 300 га яқин учрашувда иштирок этиб, 72 гол муаллифи бўлган белгиялик яримҳимоячи бу сафар илк марта рақиб либосида майдонга тушади.

Кевин Италияга бориб, ҳали уни ҳисобдан чиқаришга эрта эканини кўрсатишни бошлади – жамоасининг уч ғалабасига муносиб ҳисса қўшди, икки гол муаллифи бўлди. «Наполи» Конте бошчилигида Италияни забт этиб, энди Европага юзлангани, шунга мос харидларни амалга оширганини эътиборга олсак, Манчестердаги ўйинга анча жиддий куч сифатида ташриф буюришини кутса бўлади.

Дарвоқе, «Этиҳад»га де Брюйне билан бирга бу ерга одатда дерби ўйнаш учун келиб ўрганган Скотт Мактоминей ҳамда Расмус Ҳойлунд ҳам келади.

Киву яна «Йохан Кройф Арена»да

Яна бир эътиборли қайтиш – Кристиан Кивунинг «Аякс» майдонига ташрифи бўлади. Руминиялик мураббий ўз вақтида футболчи сифатида айнан «Аякс» сафида Европага танилганди. Жамоа сардори сифатида юздан ортиқ ўйинларда қатнашган Киву амстердамликлар билан Нидерландия чемпиони бўлиш билан бирга ЕЧЛда чорак финалгача етиб борганди. Шундан сўнг аввал «Рома»га кетиб, кейин «Интер»нинг ҳам муҳим футболчисига айланади, жамоа билан Чемпионлар Лигасини ютади.

Киву мураббий сифатида «Интер»нинг турли ёшдаги жамоаларини бошқариб юрди ва шу йил бошида «Парма»да ҳам ишлади. Индзаги кутилмаганда истеъфога чиқиши, Кивунинг Пармадаги муввафиятли фаолияти миланликлар раҳбариятини Кивуни танлашга ундади. «Интер» А Серияни кутилганидек бошламаган, уч ўйиндан иккитасида мағлубиятга учраган бўлса-да, Чемпионлар Лигаси бошқа мусобақа. «Интер»нинг финалчи деган номи ҳам бор. Кристиан Киву ўзининг севимли маскани бўлмиш «Йохан Кройф Арена»га энди рақиб мураббийи сифатида ташриф буюради.

Навбатдаги қасос илинжида

Мюнхендаги стадион «Челси» мухлисларига фақат ёрқин хотиралар қолдиргани тайин. 2011/12 йиллар мавсумида ҳаммаси «Бавария»нинг ўз майдонидаги финални ўз фойдасига ҳал қилишига қараб кетаётганида, лондонликлар қаҳрамонлик кўрсатиб, ўйинни пеналтилар сериясигача олиб борган ва якунда турнир ғолибига айланганди. Шундан сўнг «Бавария» «Челси»ни қаерда учратса мағлуб этяпти, 2014 йилда Европа Суперкубогида, кейинроқ 2020 йилда Чемпионлар Лигаси плей-оффида икки марта йирик ҳисобда енгди ҳам, лекин ҳалиям татимаётган бўлиши керак. Навбатдаги ўйиндаги ғалаба ҳам балки кўп нарсани ҳал қилмас, лекин барибир, «Челси»га қарши ҳар қандай учрашувда «Бавария» янада ўзгача мотивация билан майдонга тушиши шубҳасиз.

«Бавария» жуда яхши формада – янги мавсумдаги 5 расмий ўйинда рақиб дарвозалари 19 марта ишғол қилинди. Ўтган йилги кузни ҳам худди шундай сермаҳсул ўтказганини эсласак, Компани жамоаси учун бу одатий ҳолга айланяпти. Аммо шуни ҳам биламизки, «Челси» айнан ўзининг энг юқори формасида бўлган рақибларни ўз ўрнига тушириб қўйишга уста. Буни ўша 13 йил аввалги ўйиндан ҳам, мана шу охирги ёздаги финалдан ҳам жуда яхши биламиз.

«Атлетико» – энг яхши антогонист

«Ливерпул» 2019 йилда Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлгач, кейинги мавсумга унданда даҳшатли формада кириб келди. АПЛда ҳам, Чемпионлар Лигасида исталган рақибни ер тишлатди, АПЛ ғолиблиги масаласини февралдаёқ амалда ҳал қилиб улгурди. Аммо ЕЧЛ плей-оффда Клопп жамоасини аввал ҳеч тўқнаш келмаган рақиб кутиб турарди. Мадриддаги ўйинда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишади, аммо 8 ой олдин «Барселона»нинг 3 гол устунлигини йўққа чиқарган «Энфилд» эгалари учун бу қўрқинчли кўринмасди. Биринчи бўлимдаёқ минимал вазифани бажарган «Ливерпул» қўшимча бўлим бошида иккинчи голни ҳам уради. Аммо «Атлетико»ни синдириш қийин эди, испанлар ўйин охиригача уч гол уриб мезбон мухлислар устидан муздек сув қуйиб юборганди.

«Ливерпул» ҳозир ҳам отда, АПЛнинг янги мавсумини ғалабали серия билан бошлади. «Атлетико» эса дастлабки тўрт ўйинда фақат бир ғалабага эришди. Лекин олдин ҳам бўлганидек бу жамоалар учрашуви сценарийсини олдиндан тахмин қилиб бўлмайди.

1-ТУРНИНГ БАРЧА УЧРАШУВЛАРИ:

16 сентябр. 21:45. Атлетик – Арсенал, ПСВ – Юнион Сент-Жиллуа

16 сентябр. 23:55. Бенфика – Қорабоғ, Ювентус – Боруссия Д, Реал – Марсел, Тоттенҳэм – Виляреал.

17 сентябр. 21:45. Олимпиакос – Пафос, Славия – Будё/Глимт

17 сентябр. 23:55. Аякс – Интер, Бавария – Челси, Ливерпул – Атлетико, ПСЖ – Аталанта.

18 сентябр. 21:45. Брюгге – Монако, Копенҳаген – Байер

18 сентябр. 23:55. Айнтрахт – Галатасарой, Манчестер Сити – Наполи, Нюкасл – Барселона, Спортинг – Қайрат.

Тайёрлаган:  Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид