Бугундан клублар футболида Европанинг энг катта турнирига старт берилади. Иккинчи йилдирки, янги форматда ўтадиган мусобақанинг мухлислар учун аввалгиларига қараганда яхши томонлари кўп. Биринчидан, формат ва тақвимдан келиб чиқиб, деярли ҳар турда биз топ-даражадаги рақиблар тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Иккинчидан, ўйинлар энди уч кун давом этади ва ҳар куни икки вақт слотига эга. Яъни бемалол ҳар турда 6 учрашувни тўғридан тўғри кўриш имконияти бўлади. Қуйида 1-турнинг асосий интригалари ҳақида.

 

Микел Артета яна Басконияда

 

Микел Артета Басконияда, Сан Себастянда туғилган. Дўсти Ҳаби Алонсо билан биргаликда «Реал Сосиедад» клубининг асосий таркибида тўп суришни орзу қилишган. Дўстидан фарқли равишда, Микелнинг ниҳоят «Сосиедад»да ўйнаши бироз айланма йўл – «Барселона», «ПСЖ», «Рейнжерс» орқали содир бўлганди. Артета севимли жамоасида узоқ қолмайди – бир мавсум ҳам тўлиқ ўйнамаган футболчи тақдирига аввал «Эвертон», кейин «Арсенал» ёзилган экан.

 

Бугун Микел Артета энди мураббий сифатида Басконияга қайтмоқда. Ҳа, «Сосиедад» эмас, «Атлетик», лекин басклар ўз фарзандларига қандай муносабатда бўлишини жуда яхши биламиз. Ўтган мавсумда Испаниянинг тўртинчи жамоаси сифатида мустаҳкам ўрнашиб, янги мавсумни ҳам шу мақомда давом эттираётган «Атлетик» учун ҳам «Арсенал» рақиб сифатида жуда аҳамиятли синов. Ахир клуб 11 йиллик танаффусдан сўнг илк бор Чемпионлар Лигасида иштирок этяпти.

 

Яна бир муҳим жиҳати, бу ўйинни томоша қилиш учун бир нечта қизиқ ўйинлар ичида танлов қилиш шарт эмас. Учрашув умумий слотдан икки соат аввал, Тошкент вақти билан соат 21:45 да бошланади.

 

Алонсо – де Дзерби дуэли

 

Роберто де Дзерби «Брайтон»да шу қадар муваффақиятли ишлаганки, ҳатто Пеп Гвардиола футбол эталони сифатида айнан шу жамоани кўрсатган эди. Италиялик мутахассис бирор топ-клубни бошқариши айтилар, номзодлар қаторида «Реал» ҳам тилга олинарди. Аммо унинг «Брайтон»ни тарк этиши бироз нотўғри вақтга тўғри келди – «Ливерпул» Слот билан, «Барселона» Флик билан келишиб бўлган, «МЮ» Эрик тен Ҳагга яна бир бор имконият беришга қарор қилган, «Реал» эса Анчелотти билан шартномасини узайтирганди. Натижада де Дзерби «Марсел» вариантига кўнишга мажбур бўлди.

Мураббий Англиядан кетгач, эътибордан четда қолган бўлса-да, унга баҳо беришда Франциядаги фаолияти кўпроқ аҳамият касб этади, зеро мамлакатнинг кучли жамоаларидан бири, деярли барча рақибларга қарши биринчи рақамда тўп суриши талаб этилади – де Дзербини бирор топ-клубда тасаввур қилиб, қандай футбол кўрсатишини тахмин қилиш учун айни муддао. Де Дзербининг илк мавсумида «Марсел» 2-ўринни олди, буни «ПСЖ» ва бошқалар чемпионати ҳисобланадиган Франциядаги энг юқори ўрин деса ҳам бўлади. Жамоа жорий мавсум стартида «Лион»дан мағлубиятга учраган бўлса-да, қолган икки ўйинни йирик ҳисобда ўз фойдасига ҳал қилди. «ПСЖ» бор лигада кўпгина ҳужум кўрсаткичлари бўйича ҳам, тўп назорати бўйича ҳам етакчилик қилмоқда.