Жаҳон | 12:12 / 17.09.2025
2403
2 дақиқада ўқилади

АЭХА Запорижжя АЭС яқинидаги отишма ва тутун ҳақида хабар берди

АЭХАнинг Запорижжя АЭСдаги кузатувчилари электр станцияси яқинида отишма ва қора тутун ҳақида хабар берган. Ҳозирча қурбонлар ва вайроналар ҳақида маълумот йўқ, деди АЭХА бош директори Рафаэл Гросси.

Фото: ViennaMissionRu / Telegram

16 сентябр, сешанба куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Россия томонидан босиб олинган Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) яқинидаги отишма ҳақида хабар берди. Агентлик баёнотида айтилишича, АЭХА кузатувчилари отишмадан кейин «яқин атрофдаги учта жойдан қора тутун кўтарилганини» кўрган.

АЭХАга Россия томонидан тайинланган завод раҳбарияти томонидан бир нечта артиллерия снарядлари «Запорижжя АЭС периметри ташқарисидаги дизел ёнилғиси омборидан тахминан 400 метр узоқликдаги ҳудудга тушгани» ҳақида маълум қилинди», — дейилади пресс-релизда. Ҳозирча на Россия, на Украина БМТ агентлиги баёнотларига муносабат билдирмади.

«Талафотлар ва жиҳозларга зарар етказилгани ҳақида маълумот берилмаган бўлса-да, бу ҳодиса яна бир бор ядровий хавфсизликка давом этаётган таҳдидни таъкидлайди», — деди АЭХА бош директори Рафаэл Гросси. У яна бир бор атом электр станциялари яқинида «кеч бўлмасдан олдин» «максимал вазминликка» чақирди. «Бир пайтлар деярли тасаввур қилиб бўлмайдиган нарса — йирик ядровий объектлар яқинида отишма ёки бошқа ҳарбий ҳаракатлар бу даҳшатли уруш пайтида одатий ҳолга айланди», деб қўшимча қилди Гросси.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид