Жамият | 20:07 / 17.09.2025
8286
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондан келтирилган катта миқдордаги наркотик моддалар аниқланди

ДХХ Афғонистондан келтирилган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйди.

Фото: ДХХ

Гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар контрабандаси ва ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари томонидан Фарғона вилоятида тезкор тадбир ўтказилди.

Қайд қилинишича, муқаддам наркокурьерлар томонидан Афғонистондан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилоятига келтирилиб, Ёзёвон туманида далага яшириб қўйилган 9 кг 896 г гашиш моддасини қабул қилиб олган вақтида марғилонлик икки шахс ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, воқеа жойидан қочишга уринган хусусий тадбиркорнинг ёнида бўлган 14 минг 500 АҚШ доллари ва 6 млн 250 минг сўм ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида, ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган учинчи шахснинг яшаш хонадонидан эса 110 г опий, 2 та электрон тарози, 1200 АҚШ доллари ҳамда 28 млн сўм процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи, муқаддам наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Хоразм вилояти, Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи шахс билан ўзаро тил бириктириб, афғонистонлик наркосавдогарларга катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасини буюртма берган.

Ўз навбатида гиёҳвандлик воситаси Афғонистондан Сурхондарё вилояти ҳудудига келтирилиб, Тўрткўл туманидаги хуфия жойда қолдирилган.

Ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахслар хуфия жойдан 6 кг 149 г опийни ва 9 кг 814 г кўкнори сомонини олган вақтида ушланган.

Ҳозир мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид