Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Камбағал оилалар учун янги имконият ва биринчи миллий ГЭС – маҳаллий дайжест
Ҳар бир камбағал оилада камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун имконият кўпайтирилади. Норин дарёсида биринчи «миллий» ГЭС ишга туширилди. Хорижда иш ваъда қилиб, одамларни алдаган учта фирма мансабдорларига жиноий иш қўзғатилди. 2027 йилдан баъзи нотариал ҳаракатлар онлайн тарзда тасдиқланади. Навоийда маст ҳолда 23 нафар болани ташиган DAMAS ҳайдовчиси ушланди. Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Ҳар бир камбағал оилада камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун имконият кўпайтирилади
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирокидаги «Камбағалликдан фаровонлик сари» халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлади.
Сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий «драйвери» бўлиб қолади, деди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, ҳар бир камбағал оилада камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун имтиёзли таълим кредити ва давлат грантлари кўпайтирилади. Халқаро стандартлар асосида Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этилиб, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади.
Норин дарёсида биринчи «миллий» ГЭС ишга туширилди
2024 йил 25 март куни президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишини бошлаб берган эди. Улардан биринчиси – Норин ГЭС каскадининг дастлабки босқичи ишга тушди. Давлат раҳбари вилоятга ташрифи чоғида ушбу энергетика иншоотини кўздан кечирди.
Қайд қилинишича, ҳозир «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти томонидан Норин дарёсида 6 та ГЭС каскади қурилиши бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 428 миллион доллардан зиёд, умумий қуввати 228 мегаватт бўлади.
Биринчи босқичда ГЭС-1 ишга туширилди. Энг муҳими, у тўлиқ маҳаллий маҳсулот ва ускуналар асосида барпо этилди. Таъкидланишича, уни мамлакатдаги биринчи «миллий» ГЭС дейиш мумкин.
Хорижда иш ваъда қилиб, одамларни алдаган учта фирма мансабдорларига жиноий иш қўзғатилди
Тошкент шаҳридаги «Best info consult», «Sta cons» ва «Biletol» МЧЖ мансабдорлари фирибгарликда гумонланмоқда. Улар Европа давлатларига ишга жўнатиш ваъдаси билан одамларни алдаб келган. Харажатлар учун тўланган пуллар эса шахсий эҳтиёжларга сарфлаб юборилган.
Kun.uz танишган айблов хулосасида келтирилишича, 1993 йилда туғилган М.Р. ҳамда 1986 йилда туғилган Ш.К. ўзгалар мулкини қўлга киритиш мақсадида жиноий тил бириктирган. Улар 2024 йил «Best info consult», 2023 йил «Biletol» ҳамда «Sta cons» корхоналарини давлат рўйхатидан ўтказиб, раҳбарлик қилган.
Таъкидланишича, улар 34 нафар фуқаронинг жами 817 млн сўм пулини қўлга киритган, аммо уларни на ишга жўнатган, на пулини қайтариб берган. Улар фирибгарликда гумонланиб, 2025 йил апрел ойида қўлга олинган ҳамда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
2027 йилдан баъзи нотариал ҳаракатлар онлайн тарзда тасдиқланади
2027 йил сентябридан кўчмас мулк алмашинуви, ижара шартномалари ва алимент тўловлари бўйича келишувлар онлайн тасдиқланади. Шунингдек, маҳаллий коммунал хизматлар базалари билан ҳам интеграция йўлга қўйилиб, уй-жой олди-сотди шартномаси тасдиқланиши билан мулкдор ҳақидаги маълумотлар автоматик янгиланади.
Уй-жойни сотиб олиш ёки ҳадя қилиш шартномалари, шунингдек, айрим бошқа ҳуқуқий битимлар видеоалоқа орқали нотариус томонидан расмийлаштирилади. Бу ҳақда 9 сентябр куни имзоланган президент қарорида кўзда тутилган.
Қарорга асосан, 2026 йил охиригача барча нотариал идоралар оптик толали тезкор интернет билан таъминланади.
Навоийда маст ҳолда 23 нафар болани ташиган DAMAS ҳайдовчиси ушланди
Ҳодиса 15 сентябр куни Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида содир бўлган. Назорат тадбирлари давомида тўхтатилган Damas автомашинаси салонида 23 нафар бола ва 2 нафар тарбиячи борлиги аниқланган.
Фуқаро махсус ускуна ёрдамида кўрикдан ўтказилгач, маст ҳолатда экани маълум бўлган. Шунингдек, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам, автомобилни бошқариш ҳуқуқи ҳам йўқлиги аниқланган.
Унга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилган ҳолда транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025