Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Соғлик ёки тежамкорлик: эски ва тор кийимлардан нега воз кечиш керак?
Одамларнинг аксарияти йиллар давомида кийиб келаётган эски либосларини ташлаб юбормаслик ёки улар бироз торайган бўлса ҳам кийиб юраверишга одатланган. Аслида кийим фақат ташқи кўриниш воситаси эмас, у инсоннинг умумий саломатлиги, кайфияти ва жамиятда ўзини тутишига ҳам таъсир кўрсатувчи ифода. Ҳар ким ўзига ёққан услубда кийинади, бироқ жуда эски ёки тор либослар организм учун кўринмайдиган хавфларни келтириб чиқариши мумкин.
Фото: Getty images
Эски кийимлар
Жамиятимизда эски кийимни ташлаб юборишга “исроф” деб қараладиган тушунча шаклланган. Бу тежамкорлик ва оила маблағини мақсадли иқтисод қилиш билан ифодаланса-да, саломатлик нутқаи назаридан салбий оқибатларга эга. Хусусан, бир неча йил давомида кийилган кийимнинг матосида кўзга кўринмайдиган миқдорда чанг, бактерия, замбуруғ ва теридан ажраладиган ёғ қолдиқлари аста-секин тўпланиб боради. Уларни қайта-қайта ювиш ҳам доимо гигиена талабларини тўлиқ таъминлай олмайди. Бунинг сабаби шундаки:
- тери ёғи ва тер қолдиқлари мато толалари орасига чуқур сингиб кетади, уларни оддий совун ёки паст ҳароратда ювиш билан бутунлай йўқ қилиш қийин;
- бактериялар ва замбуруғлар нам ва иссиқ шароитда тез кўпаяди. Агар кийим яхши қуритилмаса, улар мато юзасида узоқ яшаб қолади;
- эски кийим толалари вақт ўтиши билан юмшаб, кичик ёриқлар ва бўшлиқлар ҳосил қилади. бу жойларда микроблар янада мустаҳкам жойлашиб олади;
- чанг ва аллергенлар (чангжон, гулчанг, ҳайвон туклари) ҳам матога сингиб қолиб, оддий ювганда тўлиқ кетмайди. Бундай кийимларни тез-тез кийиш тери касалликлари, аллергия, қичишиш, ҳуснбузар, қўтир ёки замбуруғли инфекцияларни қўзғатиши мумкин.
Вақт ўтиши билан кийим матосининг сифати кескин пасаяди. Ювиш ва дазмоллаш жараёнида толалари юпқалашиб, ҳаво ўтказиш қобилияти йўқолади. Бу эса терининг нафас олишини қийинлаштиради, айниқса, ёз кунлари терлашни кучайтириб, бадандан ёқимсиз ҳид тарқалишига туртки бўлади.
Эски кийимнинг психологик таъсирини ҳам унутмаслик керак. Жуда “кўҳна” либосларни кийиш одамда ўзига бўлган ишончни пасайтириши мумкин. Инсон кўпинча ташқи кўринишидан куч олади: тоза, озода ва замонавий кийимда юриш кайфиятни кўтаради, одамга ўзини эркинроқ тутиш имконини беради. Жуда эскирган, шакли бузилган кийимни кийиш одамни ноқулай аҳволга солади.
Тор либослар
Тор кийим қон айланишини бузади. Белни сиқиб турадиган шим ёки тор белбоғ(ремен) оёқларда қон оқимини секинлаштиради, натижада шиш пайдо бўлади ва варикоз томирлари ривожланиши мумкин.
Шунингдек, жуда тор кийимлар ички аъзоларга ҳам босим қилади. Ошқозон ва ичак фаолияти секинлашиб, овқат ҳазм қилиш қийинлашади, бу эса гастрит ва бошқа касалликларни қўзғатиши эҳтимоли бор.
Аёллар учун хавф янада кўпроқ. Тор жинси ва синтетик матоли кийимлар интим соҳада ҳаво алмашинувини тўсиб қўяди, мазкур ҳолат замбуруғли касалликларнинг тез-тез пайдо бўлишига олиб келади.
Бундан ташқари, белни қаттиқ сиқадиган корсет ёки жисмоний эркинликни чеклайдиган кийимлар умуртқа поғонасига ортиқча босим беради. Бу эса бел оғриқлари, сколиоз ва нотўғри юра бошлаш каби оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Эски ёки тор кийимларни кийиш инсон саломатлигига сездирмасдан катта зарар етказади. Гигиеник муаммолар, қон айланиши бузилиши, ички аъзоларга босим ва психологик ноқулайлик каби хавфларни била туриб, саломатликни мода ёки тежамкорлик учун қурбон қилиш – арзимайди. Соғлом кийиниш маданиятини шакллантириш эса ҳар биримизнинг шахсий танловимиздан бошланади.
Кийимларни қандай танлаш керак?
Кўп ҳолларда биз кийим танлашда нархига ёки ранги ва модасига эътибор қаратамиз. Аслида матонинг таркиби, ҳаво ўтказиш қобилияти ва терига зарар етказмаслиги энг муҳим омиллардир. Тўғри танланган кийим қулайлик беради, одамнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди, соғлиғини асрайди. Шу сабабли инсон ўзига мос, эркин ҳаракат қилиш имконини тақдим этадиган, матоси табиий ҳамда қулай кийимларни танлаши лозим. Айниқса, болалар, ўсмирлар кийимида эркинлик ва қулайлик биринчи ўринда туриши лозим. Чунки бу ёшда организм тез ривожланади ва тор кийимлар соғлом ўсишга тўсқинлик қилиши мумкин.
Жуда эски кийимларни йиллар давомида кийиш ўрнига, уларни қайта ишлашга бериш анча фойдали ҳисобланади. Бу нафақат гигиеник, балки экологик ва ижтимоий ёрдам нуқтайи назаридан ҳам тўғри қарор бўлади.
Диёрахон Набижонова
Мавзуга оид
17:09 / 04.12.2025
Йўтални дориларсиз кетказиш мумкинми?
15:44 / 01.12.2025
Кийим ишлаб чиқаришда Андижон вилояти пешқадам бўлди
01:36 / 01.12.2025
Юрак учун энг фойдали маҳсулотлар айтилди
18:41 / 27.11.2025