Жамият | 20:10 / 18.09.2025
3430
2 дақиқада ўқилади

Яккабоғда қалбаки дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди

Хонадонда ташкил қилинган цехда ёрлиқ ва йўриқномаларини ўзгартириш орқали қалбаки дори воситалари тайёрлаб келинган. Бу қисқа вақтда бир ҳудудда аниқланган иккинчи ҳолат.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамен

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида қалбаки дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси, ДХХ ва Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Н.Д. Яккабоғ тумани Чинобод маҳалласидаги хонадонда яширин цех ташкил қилгани аниқланган. Цехда дори воситаларнинг ёрлиқ ва йўриқномаларини ўзгартириш орқали қалбаки дори воситаларини тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиб келинган.

Хонадондан умумий баҳоси 193,5 млн сўмлик 11 турдаги 3 211 дона дори воситаси ҳамда 188 638 дона турли дори воситаларининг ёрлиқ ва йўриқномалари ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бу қисқа вақтда бир ҳудудда аниқланган шу каби иккинчи ҳолат: олдинроқ Яккабоғ туманининг Хиёбон маҳалласида яшовчи фуқаро уйидаги яширин цехда келиб чиқиши номаълум ва сифати кафолатланмаган дори воситаларига қалбаки этикеткалар ёпиштириб, келгусида дорихоналарга ўтказиш мақсадида сақлаб келинаётгани аниқланганди.  

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид