Ўзбекистон | 23:27 / 20.09.2025
9089
2 дақиқада ўқилади

Бойсун тоғларида 9200 йиллик меҳнат қуроллари топилди

Сурхондарё вилояти Бойсун тоғларида жойлашган Тўда ғорида олиб борилган археологик қазишмалар давомида қадимий меҳнат қуроллари ва ёввойи донли ўсимликлар қолдиқлари топилди. 

Фото: gov.uz

Қазишма ишлари вақтида қадимий тош ўроқлар, ёввойи донларнинг уруғлари ҳамда уларга ишлов беришда фойдаланилган меҳнат қуроллари аниқланди. Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, ушбу топилмалар қарийб 9200 йил аввалги даврга оид. 

Археологик қазишмалар давомида нафақат ўсимлик қолдиқлари, балки тош пичоқлар, ўроқлар ва ёввойи арпага ишлов бериш учун мўлжалланган бошқа асбоблар ҳам топилган. Уларнинг юзасида ғалла пояларини ўриш ва қайта ишлаш жараёнларига оид излар сақланиб қолган.

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи аниқлашича, мазкур кашфиёт минтақанинг қадимий аҳолиси овчилик ва теримчилик билан бир қаторда илк деҳқончилик амалиётларидан ҳам фойдаланганини кўрсатади.

Германиядаги Геоантропология институти илмий ходими Роберт Шпенглернинг таъкидлашича, бу топилмалар деҳқончиликнинг ягона ҳудудда эмас, балки дунёнинг турли минтақаларида, жумладан Евросиёда ҳам мустақил равишда шаклланганини тасдиқлайди. 

Археологларнинг маълум қилишича, худди шундай қуроллар Левант ҳудуди ҳамда Қирғизистондаги Обишир-5 манзилгоҳида ҳам учрайди. Бу эса қадимги деҳқончилик анъаналари бир неча ҳудудларда ўз-ўзидан пайдо бўлганини илмий асослайди. 

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид