Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қумга кўмилган мурда – Термиздаги мудҳиш қотиллик тафсилоти
2025 йил 2 март. Тонг. Термиз шаҳрида кўпчиликка таниш бўлган “процентчи” аёл йўқолиб қолгани ҳақидаги гап эл оралай бошлайди. Уни таниганлар борки, бир кўнгилсизликни сезгандай бош чайқаб қўйишарди. Ҳа, аслида чиндан кўнгилсизлик бўлган, аёл ярим тунда уйидан ўғирлаб кетилиб, Термиз тумани ҳудудида ўлдирилган ва қумга кўмиб юборилганди. Қотилнинг кимлиги аниқ бўлганида эса одамларнинг ҳайрати икки карра ошди.
Шундай қотилликлар бўладики, одамларни жиноят тафсилоти эмас, уни содир қилган шахс кўпроқ ҳайратга солади. Чунки қотил ҳамма гумон қилган эмас, кутилмаган одам бўлиб чиқади. 2025 йил март ойида Термиз туманида содир қилинган мудҳиш қотиллик ҳам кўпчиликни шу маънода ҳайрат солганди: қотилнинг кимлиги ошкор бўлганида одамлар, ҳамкасблари наҳотки, дея ёқа ушлаб қолишган.
Ўғирлаб кетилган аёл
2025 йил 2 март. Термиз шаҳрининг Гулистон маҳалласида яшовчи Сабина Валиева (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) йўқолиб қолгани маълум бўлади. У Термиз туманидаги “Марварид” санаторийсида ҳамшира бўлиб ишлар, ишидан ташқари фуқароларга фоизга пул бериш, яъни судхўрлик билан шуғулланарди.
Яқин қариндошлари аёлни излашга тушишади. Аввалига Сабинанинг уйига ўғри тушган, деган гумонда бўлишади. Аммо вазият бундан кўра жиддийроқ эди. Сабина Валиева уйи ёнидан ўғирлаб кетилган ва Термиз тумани ҳудудидаги қумликка олиб бориб, пичоқлаб ўлдирилган ва мурдаси ўша ерга кўмиб кетилганди.
Кўп ўтмай аёлнинг мурдаси ўша қумликдан – кўмилган жойидан топилади. Воқеадан хабар топганлар қотилнинг ким экани ҳақида ўйлашар, турли тахминларни илгари суришарди.
Йўқолган пичоқ ва қотил ходим
Акмал Муродов Сурхондарё вилоят ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди 3-ишғол қилиш гуруҳи катта мутахассиси – сапёр-портлатувчиси лавозимида ишларди. У ва ҳамкасби Элшод Қамбаровга Сурхондарё вилоят ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди маъмурий биносида битта ётоқхона бириктирилганди.
Одатда битта ётоқхона 4 нафар ходимга мўлжалланади. Бироқ отрядда вакант штатлар мавжудлиги сабабли 2 кишининг жойи бўш эди.
Акмал 2025 йил 1 март куни соат 8:00 ларда ишга келиб, “развод”да қатнашади. У ўша куни навбатчи эди. Бироқ туғилган куни муносабати билан унга жавоб беришади. Хонага кириб, кийимларини алмаштираётган Акмал шкафдаги ўзига тегишли ташвиш қопидан орқа қисми ойна синдириш учун мўлжалланган болғачали пичоғи йўқолиб қолганини кўради.
Аммо пичоқ эртаси куни топилади: 2 март куни ишга келган Акмал эрталабки сафланишдан сўнг хонасига кириб, Элшоддан пичоғини кўрган-кўрмаганини сўрайди. Ўзини бироз ғалати тутган Элшод консерва банкасини очиш учун ундан сўроқсиз пичоғини олиб, фойдаланиб турганини, қайтариб жойига қўйганини айтади. Бироз ўтиб эса хонадан чиқиб кетади.
Қотилликка етаклаган қимор
Элшод Қамбаров 1996 йилда Шеробод туманида туғилган, 2018 йилдан Сурхондарё вилоят ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди 3-ишғол қилиш гуруҳи катта мутахассиси-ҳайдовчиси вазифасида ишлаб келарди.
У 2019 йилларда таваккалчиликка асосланган онлайн қимор ўйинларига қизиқиб қолади. Аввалига 1хbet орқали турли спорт ўйинларига пул тикиб юради. Бир-ярим ютуқ чиққанини кўргач, қиморга муккасидан кета бошлайди. Элшод қиморга тикиладиган пул миқдорини ошириб борарди. Куни келиб аксарият қиморбозда бўлган ҳолатга Элшод ҳам дуч келди: у катта миқдорда пул маблағини юқазиб қўяди.
Қаердан пул топишни билмай боши қотган Элшод тижорат банкларидан онлайн микроқарзлар олиб, қарзини ёпади. Аммо қимор ўйнашда давом этади. Унинг топган маоши қарзларини қайтариш ва қиморга кетарди.
Элшод секин-аста фоизга пул берувчи инсонларни излай бошлайди. Уни Сабина билан учраштиргаи сабаб шу эди. Ўшанда 2021 йилнинг ёз ойлари бўлган. Сабина билан танишган Элшод аввалига ундан ойига 10 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 5 млн сўм, кейин яна бир-икки марта камроқ миқдорда пул олади.
У олинган қарзга ҳисобланган фоизларни тўлаб боради. 2022 йилдаги воқеалар сабаб Элшодни Қорақалпоғистонга юборишади. У 1 йил давомида ўша ерда хизмат қилади ва 2023 йил августда Сурхондарёга қайтади. Бу пайтда Элшоднинг Сабина олдидаги қарздорлиги 12 млн 600 минг сўмга етганди. У ушбу қарздорликни сўндириш учун банкдан 12 млн сўм микроқарз олиб, аёл билан ҳисоблашади. Уларнинг орасида 600 минг сўм “олди-берди” қолганди. Аммо Элшодга яна пул керак бўлиб қолади ва у Сабинадан бир марта 8 млн сўм, кейинроқ 3 млн сўм қарз олади.
Элшод Қорақалпоғистондан қайтгач, анча вақт онлайн қимор ўйнамай кетганди. Лекин 2024 йил охирларига келиб яна қиморга пул тика бошлайди.
Бузилган режа
Бир томонда қимор, бошқа томонда Сабинадан олинган ва ҳар ойда 10 фоиз “туғаётган” қарз ҳамда банкдан олинган микроқарз Элшодни қарз ботқоғига ботирганди. Шу сабабли у 2025 йил январ ва феврал ойларида Сабинага фоиз пулини беролмайди. Аёл эса унга қўнғироқ қилиб, пулни тўлиқ қайтаришни талаб қилади.
Элшод вазиятдан чиқиш учун йўл қидирарди. Бу орада Сабина пулни тезроқ қайтаришни, йўқса бу ҳақда ота-онасига айтишини маълум қилиб, қистай бошлайди. Аёлнинг дўқ-пўписалариданғқаттиқ ғазабланган эркак уни ўлдириш қарорига келади.
Элшод ўша куни Telegram орқали Сабина билан ёзишиб, у билан “Золотая бочка” номли умумий овқатланиш шохобчаси ёнидаги гўзаллик салонида учрашишга келишади. Шу билан биргаликда, аёлга пулни яшаш уйидан олиб беришни айтади. Мақсад Сабинани унинг ўзига тегишли Tracker машинасида чўл ҳудудига олиб чиқиш ва ўлдириш эди.
Элшод ҳамкасбининг Lacetti машинасини олади. Бироқ машинани вилоят кардиология маркази автотураргоҳи ёнида қолдирган ҳолда келишилган манзилга таксида боради. Улар аёлнинг машинасида ўтириб суҳбатлашади. Сабина ундан пулни олиб келган-келмаганини сўрайди. Элшод унга жавобан “Йўқ, пул уйда, бориб олиб келишимиз керак, Учқизилга ҳайданг”, дейди. Аммо аёл бормаслигини айтади ва пулни эртага олиб келишни тайинлаган ҳолда гўзаллик салонига кириб кетади. Шу тариқа эркакнинг тузган режаси бузилади.
Ярим тундаги қотиллик
Элшод нима қилишни билмасдан Lacetti машинаси томонга қайтади. У ярим тунгача машинада Термиз шаҳрини айланиб юради. Сўнгра бир жойда тўхтаб, Telegram’га қарайди. Бу пайтда соат 3:00 лар бўлган ва Сабина онлайн турганди. Эркак унга “Опа, пулни бугун берсам бўлмайдими? Эртага вақтим бўлмаслиги мумкин, агар кўчада бўлсангиз, ҳозир олинг”, деб ёзади. Аёл майли, дея уйи ёнига чақиради.
Элшод соат 3:20 ларда Сабинанинг уйига етиб боради ва ташқарида кута бошлайди. Бироздан сўнг аёл уйидан чиқиб, Lacetti ёнига келади. Эркак унга машина орқа ўриндиғига ўтиришни, ўша ерда пул борлигини айтади. Сабина машинани айланиб ўтиб, орқа эшикни очади. Шу пайт Элшод аёлга ташланади ва унинг сочидан ушлаб, машинани ҳаракатга келтиради.
У Сабинани 50 метрча судраб боради ва кўча бошига чиқиб тўхтайди. Шунда аёл ўзи машинага ўтиришини билдириб, сочини қўйиб юборишни сўрайди. Сабина ўтиргач Элшод машинани Термиз тумани Сабзипоя маҳалласидаги қумлик томонга бошқариб кетади.
Манзилга етиб борганида Сабина Элшоддан уни ўлдириш нияти бор ёки йўқлигини сўрайди. Эркак тасдиқ маъносида бош ирғагач, аёл ялинишга тушади. Бирор жойга шикоят қилмайман, барча қарзингдан воз кечаман ва яна пул бераман, дейди аёл. Сўнгра телефонидаги илова орқали Элшоднинг банк картасига 24 млн сўм ўтказиб беради.
Элшод Сабинанинг телефонини олиб, ундаги иловадан яшаш хонадонидаги кузатув камераси тасвирларини, шунингдек, ўзи билан бўлган барча ёзишмаларни ўчириб ташлайди. Сўнгра машинадан ўзи аввалроқ жойлаштириб қўйган, аслида ҳамкасби Акмалга тегишли бўлган пичоқни олиб, аёлнинг кўкрак қисмига, бел ва курак соҳаларига зарба беради. Шундан сўнг Элшод Сабинанинг мурдасини қумликка судраб боради. Тирик қолмасин дея яна бир-икки марта пичоқ уради ҳамда мурдани қумга кўмиб ташлайди.
Шу тариқа ортга қайтган Элшод тонг отиши билан Термиз шаҳрига кириб келади. Сабина банк картасига ўтказиб берган пулни банкоматдан нақдлаштиради. Кейин автомобилларни ювиш шохобчасига бориб, машинани ҳамда пичоқни яхшилаб ювади.
Элшод эрталаб ишхонасига келади, пичоқни жойига қўяди ва ўзи “развод”да қатнашади. Сўнгра яшаш уйига кетади. Кўп ўтмай эса қўлга олинади.
Жазо
Элшод Қамбаров Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж, и” бандлари, 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 3-қисми “б” банди, 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 18 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазонинг дастлабки 1,5 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд материаллари асосида тайёрланди.
Мавзуга оид
17:36 / 02.12.2025
Термиз – Ҳайратон кўприги орқали фуқаролар ҳаракати тикланди
19:19 / 01.12.2025
Қувада эркак турмуш ўртоғи ва икки фарзандини ўлдирганликда гумонланмоқда
16:28 / 20.11.2025
Кундалик фош қилган қотиллик – Қозоғистондаги шов-шувли жиноят ишида ҳукм ўқилди
21:31 / 10.11.2025