Кўчмас мулк | 18:14 / 23.09.2025
3787
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар «Шовқиндан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ортга қайтарди

Қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг тинчлиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтни амалдаги етти соатдан (соат 23:00 дан 6:00 гача) саккиз соатга (соат 23:00 дан 7:00 гача), қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида эса соат 22:00 дан 9:00 гача ўзгартириш таклиф этиляпти.

Фото: Shutterstock

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Аҳолини зарарли шовқин таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

Қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғини амалдаги етти соатдан (соат 23:00 дан 06:00 гача) саккиз соатга (соат 23:00 дан 07:00 гача), дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари эса соат 22:00 дан 09:00 гача бўлган вақт оралиғига ўзгартириш таклиф этилмоқда. Ушбу вақт оралиғида фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтириляпти.

Шунингдек, аҳоли истиқомат қиладиган кўп квартирали уйларда шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ошадиган қурилиш ва таъмирлаш ишларини иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга ошириш мумкинлиги белгилаб қўйиляпти.

Қонун лойиҳасини қабул қилишга депутатларнинг тенг ярми — 64 нафари қарши овоз берди, 41 нафари ёқлаб, 17 нафари бетараф қолди, 5 нафари эса овоз бермади. Ҳужжат матни масъул қўмита томонидан такомиллаштирилгач, Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қайта кўриб чиқилиши белгиланди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид