Жаҳон | 14:45 / 23.09.2025
6989
3 дақиқада ўқилади

Копенҳаген ва Осло аэропортлари дронлар туфайли ёпилди

Дания пойтахти Копенҳагенда жойлашган Шимолий Европадаги энг йирик «Каструп» аэропорти душанба куни кечқурун аэродром ҳудудидаги номаълум дронлар туфайли барча парвозларни бир неча соатга тўхтатишга мажбур бўлди.

Фото: AFP via Getty Images

Аэропорт устидаги ҳаво ҳудуди маҳаллий вақт билан соат 20:30 атрофида ёпилган. Копенҳаген полицияси таъкидлашича, икки ёки учта йирик дрон парвози қайд этилган.

«Ҳеч бир самолёт ҳавога кўтарила олмайди ва қўна олмайди», – деди аэропорт матбуот котиби Лиз Агерли Курштейн. Унинг сўзларига кўра, 15 га яқин рейс бошқа аэропортларга йўналтирилган.

Шаҳар полицияси навбатчи офицери Аннетте Остенфелдт AFP агентлигига берган изоҳида расмийлар тергов олиб бораётганини маълум қилган. Дронлар ҳарбий ёки фуқаролик дронлари бўлгани ҳозирча маълум эмас.

«Аммо улар хусусий шахс сотиб олиши мумкин бўлган дронлардан каттароқ экани аниқ», – дея қўшимча қилди у.

Тахминан тўрт соатдан сўнг, сешанбага ўтар кечаси парвозлар қайта тикланди. Flightradar24 хизмати маълумотларига кўра, ёпилиш даврида жами 50 га яқин рейс захира аэродромларга йўналтирилган.

«Копенҳаген аэропорти дронлар парвози туфайли ёпилганидан кейин ўз ишини давом эттирмоқда. Бироқ рейслар кечикиши ва бекор қилиниши ҳолатлари бўлади. Йўловчиларга ўз авиакомпаниялари маълумотларини кузатиб бориш тавсия этилади», – дейилади аэропортнинг Х ижтимоий тармоғидаги хабарида.

Копенҳаген аэропортидаги полициячилар. Фото: AFP via Getty Images

Норвегия пойтахти Ослодаги «Гардермуэн» аэропорти устида ҳам битта номаълум дронни пайқашган, шу сабабли ҳаво ҳудудини ёпишга тўғри келган.

Аэропорт вакилларининг маҳаллий ОАВга маълум қилишича, ёпилиш 12-14 рейсга таъсир қилган. Flightradar24 маълумотларига кўра, уларнинг бир қисми, хусусан, Анталя, Малага ва Манчестердан учган рейслар Ослога энг яқин Берген аэропортига йўналтирилган.

Соат 3:38 да пойтахт аэропорти коммуникациялар бўлими раҳбари Моника Фастинг VG (Verdens Gang) нашрига ҳаво ҳудуди яна очилгани ва сешанба куни эрталабдан парвозлар одатдагидек амалга оширилишини маълум қилди.

Аввалроқ, душанба куни Осло марказида дронлар учирилиши ҳолати бўйича икки киши қўлга олинган эди.

Дания полицияси эса Норвегия расмийлари билан икки давлат ҳаво ҳудудидаги ҳодисалар ўртасида боғлиқлик бор-йўқлигини аниқлаш учун ҳамкорлик қилишини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид