Ўзбекистон | 00:44 / 23.09.2025
3815
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти ва Citigroup раиси билан учрашди

Учрашувда стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ню-Йорк шаҳрига амалий ташриф доирасида президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашди.

Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда ушбу глобал молиявий институт билан, энг аввало, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасидаги устувор дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суришда ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Мамлакатимиз банкнинг Европа ва Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкорларидан биридир. Қўшма лойиҳалар портфели 14 миллиард доллардан ошди. Тошкентда Жаҳон банкининг минтақавий офиси очилди. Яқинда Наманган шаҳрида ўтган "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форуми якунлари юксак баҳоланди.

Давлат раҳбари амалдаги Шериклик дастурида асосий эътиборни барқарор ўсишни таъминлашга, лойиҳаларни жадал, сифатли ва самарали амалга оширишга қаратиш муҳим эканини таъкидлади.

Камбағалликка қарши курашиш, хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш, янги "Намунали маҳалла" модели асосида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ инфратузилмаси, хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, давлат активларини хусусийлаштириш масалаларида экспертлик кўмаги, иқтисодиётни карбонсизлаштириш ва молия соҳасини трансформация қилиш стратегиясини амалга ошириш каби йўналишлар устувор этиб белгиланди.

Банк Марказий Осиё минтақасидаги стратегик инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришда иштирок этиши муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев АҚШ энг йирик молиявий корпорацияси – Citigroup раиси Жон Дуганни қабул қилди.

Citigroup банк, инвестиция ва молия хизматларини кўрсатишга ихтисослашган. Унинг бозор капиталлашуви 100 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади, компания умумий қиймати 2,3 триллион АҚШ долларидан зиёд бўлган активларни бошқаради.

Учрашувда корпорация билан ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Citigroup кўмагида Ўзбекистон банклари ва давлат корхоналарининг облигациялари халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилди. Тошкентда компаниянинг офиси очилди.

Йирик давлат корхоналари бўйича IPO битимларини тайёрлаш ва тузиш, еврооблигациялар чиқариш, мамлакат рейтингини оширишни таъминлаш учун маслаҳат ёрдамини кўрсатиш, шунингдек, молиявий ечимларни ишлаб чиқиш ва савдони молиялаштиришнинг янги воситаларини ишга тушириш борасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Корпорация билан ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш бўйича йўл харитасини қабул қилишга келишиб олинди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид