Ўзбекистон | 13:25 / 24.09.2025
2678
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик мигрантлар фойдасига 6 млн доллардан ортиқ маблағ ундириб берилди

Марказий Осиё давлатларининг III парламентлараро форуми доирасида миграция, меҳнат оқими, иқтисодий барқарорлик ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган мавзу билан боғлиқ сессия бўлиб ўтди.

Фото: Senat.uz

Миграция минтақа ривожига сезиларли таъсир кўрсатадиган табиий ижтимоий-иқтисодий ҳодиса экани қайд этилди. Бунда миграцияни адолатли ва хавфсиз бошқариш фақат мустаҳкам қонунчилик базаси, самарали институтлар ва сиёсий ирода мавжуд бўлгандагина мумкинлиги таъкидланди.

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов ўз маърузасида Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини таъминлаш ва улар фаолияти учун хавфсиз шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга батафсил тўхталиб ўтди.

Мамлакатда 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, шунингдек, Миграция масалалари бўйича республика комиссияси, Миграция жамғармаси ва Миграция агентлиги самарали фаолият юритаётгани таъкидланди. Ўзбекистон қонуний ва уюшган меҳнат миграциясига тизимли ёндашувни жорий этиб, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Кадрлар тайёрлаш марказлари ташкил этилди, фуқароларни молиявий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилди, чет элда ишга жойлашиш географияси кенгаймоқда.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, улар қайси мамлакатда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилиниши керак, деган принципиал позицияга урғу берилди. 2020–2024 йилларда меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари бўйича Ўзбекистондан 14 мингга яқин мигрант фойдасига 6 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағ ундирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид