Технология | 08:12 / 24.09.2025
9405
3 дақиқада ўқилади

Хитой дунёдаги энг тезюрар автоматлаштирилган темирйўл поездини қурди

Соатига 200 километр тезликка чиқа оладиган дунёдаги энг тез автоматлаштирилган темирйўл транспорти Хитойнинг шарқий қисмидаги Шандун провинциясининг Циндао шаҳридаги Сюнъан туманида омма олдида намойиш этилди.

Фото: Синьхуа

Тақдим этилган прототип интеллектуал поездлар сериясининг бир қисмидир. У тўртинчи даражали автоматлаштирилган бошқарув тизими (Grade of Automation 4, GoA4) билан жиҳозланган, бу темирйўл транспортида автоматлаштиришнинг энг юқори даражасини, машинистга эҳтиёж сезмасдан, сунъий интеллект томонидан бошқариладиган тўлиқ пилотсиз поездларни билдиради. Бироқ, бу поездда машинист кабинаси сақлаб қолинган ва бошида унда бошқарувчи бўлиши мумкин. GoA4 тизими янги транспорт воситасини Хитойдаги биринчи тўлиқ автоматлаштирилган поезд ва дунёдаги энг тез ҳаракатланувчи таркибга айлантиради.

Поезд мураккаб иш шароитларида — юқори тезлик ва станциялар орасидаги узоқ оралиқларда автоном равишда маълумот тўплайдиган, таҳлил қиладиган ва қарор қабул қиладиган ўрнатилган рақамли «мия» билан жиҳозланган. Янги бошқарув тизими носозликлар эҳтимолини 95 фоизга қисқартиради.

Хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилди. Поезд 2900 дан ортиқ кузатув датчикларига эга юқори аниқликдаги захира сенсор тизимини ўз ичига олади, бу шасси, тортиш блоки ва тормоз тизимини реал вақт режимида кузатиш имконини беради ҳамда миллисекундларда носозликларни кўрсатади. Рақамли технологиялар ва СИ алгоритмларига асосланган ягона ақлли техник хизмат кўрсатиш тизими яратилган бўлиб, у носозликларни прогноз қилади ва таъмирлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ёрдам беради. 

Поезднинг пассив хавфсизлиги ҳам кучайтирилди, янги зарбадан ҳимояловчи элементлар ва кўп нуқтали энергияни ютувчи конструкциялар жорий этилди, бу эса поезднинг тўқнашувларга бардош бериш қобилиятини икки баравар оширади.

Корпуснинг аэродинамикасида ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй берди: ўзгарувчан кўндаланг кесимдаги ҳаво ўтказгичлари қаршиликни пасайтиради ва қўшимча ҳимоя қопламалари турбулентликни камайтиради.

Фойдаланиш нуқтаи назаридан қараганда, поезд самаралироқ бўлди: 200 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ва сарф материаллари стандартлаштирилди, ақлли диагностика тизимлари эса техник хизмат кўрсатиш жадвалларини оптималлаштиради ва харажатларни камайтиради. Янги поезд Пекин-Сюнъан экспресс линиясида (Сюнъан туманидан Пекиндаги Дасин халқаро аэропортигача) фойдаланилади. Поезд фойдаланишга топширилгач, Сюнъандан аэропортга 30 дақиқалик ва Лицзэ бизнес туманига 60 дақиқалик қатновни таъминлайди, бу Пекин-Сюнъан транспорт ҳалқасини шакллантириш ҳамда Сюнъан янги ҳудудини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид